“Zarnews”га жавоб берадилар: “Одамлар нега автобус сўраяпти?”
Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси “Zarnews”да эълон қилинган “Одамлар нега автобус сўраяпти?” мақоласи юзасидан жавоб йўллади. Бошқарма бошлиғи И.Хамраев имзоси билан келган жавобда, жумладан, шундай дейилади:
«Ургут тумани аҳолисининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжлари ўрганиб чиқилиб, 2019 йилда Транспорт вазирлиги таркибига кирувчи “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва ушбу корхонага 60 дона автобус сотиб олиш учун “Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ билан шартнома имзоланиб, 15 фоиз бошланғич бадал пул маблағлари кўчириб берилди. Бугунги кунда банк кредитларини расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу 60 дона автобус Ургут туманининг аҳолиси учун хизмат кўрсатадиган 17 та йўналишига жойлаштириш режалаштирилган.
Жумладан, бу автобуслар Ургут тумани маркази билан Самарқанд шаҳрини боғловчи 4 та автобус йўналишлари ҳамда 13 таси туманнинг ички автобус йўналишлари таркибига киради.
Бундан ташқари, 2020 йилда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724-сонли қарорига асосан 88 та янги автобус сотиб олиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сонли қарорига асосан Жомбой ва Оқдарё туманларидан биттадан автостанция қуриш ва 10 та янги автобус йўналишлари ташкил этиш белгиланган.
Самарқанд шаҳрида 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти”нинг навбатдаги саммитини муносиб ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофи йўналишларини замонавий, барча қулайликларга эга бўлган транспорт воситалари билан таъминлаш, ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида бошқармамиз мутахассисларидан иборат транспортчилар Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди. Вилоятда замонавий автобусларга сервис хизмати кўрсатиш тизимини жорий этиш учун Хитой Халқ Республикасидаги “Foton”, “Yutong”, “Asiastar”, “Zhontongbus” каби автомобиль заводлари фаолиятини ўргандик ва музокаралар ўтказдик.
Унга кўра, 2020 йилда Самарқанд шаҳрига 100 та катта ҳажм (9,5 метр) ли замонавий автобуслар олиб келиш ҳамда шаҳарнинг аэропорт, темирйўл вокзали ва марказий кўчалари орқали ҳаракатланадиган йўналишларга жойлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрига қўшни вилоятлар, туман марказлари ҳамда шаҳарга яқин қишлоқлардан кириб келадиган транспорт воситаларида тирбандликлар келтириб чиқишининг олдини олиш мақсадида шаҳарнинг чекка нуқталарида, яъни Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивида замонавий 1 та автовокзал, Самарқанд туманининг Чумчуқли, Гулобод, Қорасув массиви ҳамда Паст Дарғом туманининг Чортут маҳалласида биттадан автостанция қурилади».