Zarnews.uz даги чиқиш эътиборсиз қолмади

“Ассалому алайкум, Zarnews.uz таҳририяти ходимлари! Яқинда сайтнинг бот манзилига Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқ мажмуасида рафиқам билан юз берган ҳолат, яъни бизни бу ерда қабул қилишмагани юзасидан мурожаат қилгандим. Ушбу мурожаатим эътибордан четда қолмай, сайтда эълон қилингач, мазкур туғруқхона мутасаддилари келиб, рафиқам ҳамда яқинда туғилган фарзандим ҳолидан хабар олишди. Туғруқхонадаги бошқа оналарнинг ҳаётини ўйлаб, шундай йўл тутишга мажбур бўлганлари, бугунги кунда эҳтиёткорлик ҳар бир фуқаро учун жуда муҳимлигини айтишди. Шифокорларимизга ҳурматни сақлаган ҳолда, бундай ҳолатлар бошқаларда ҳам юз бермаслигини истаб қоламиз», деб ёзади Самарқанд тумани Кўлбаипоён маҳалласида яшовчи юртдошимиз.

Ўз навбатида иккита мақола юзасидан ҳам 3-туғруқ мажмуаси раҳбарлари бизга мурожаат қилиб, юзага келган тушунмовчилик икки томон иштирокида муҳокама этилиб, бартараф этилганини маълум қилишди ва ноқулайлик учун узр сўрашди.

Электрон манзилимиз ва таҳририятимизга бўлаётган ҳар бир мурожаат эътиборимизда. Биз кимнидир танқид ёки “ёмонотлиқ” қилиш фикридан йироқмиз. Мақсадимиз – юзага келган муаммога ечим топиш, мутасаддилар эътиборини қаратиш, келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик. Ва албатта, жамиятда кечаётган ҳар бир жараён жамоатчилик эътиборида эканлигини эслатишдир.