Зиёвуддин тарихи. Биз бу ҳақда нималарни биламиз?

Зиёвуддин шаҳарчаси 1973 йилдан Пахтачи тумани маркази этиб белгиланган. Туман атрофи Зирабулоқ-Зиёвуддин тоғлари, Қарнаб чўллари билан туташган, Зиёвуддин шаҳарчаси эса шу тоғ тизмалари “Тошкент” тоғ чўққисининг шимолий шарқий этагида, денгиз сатҳидан қарийб 400 метр баландликда жойлашган.
Бу ерда поезд йўли станцияси мавжуд. Биринчи поезд Чоржуй томондан Зиёвуддинга 1888 йилнинг 1 апрелида, ўша йилнинг 17 апрелида Каттақўрғонга, 15 майида Самарқандга келган. “Зиёвуддин" темирйўл бекати атрофлари Европа услубида ободонлаштирилган, янги бинолар қурилган. XIX асрнинг сўнгги йилларида "Зиёвуддин" темирйўли бекатида қурилган бино ва сув минораси ҳозир ҳам бор. Ўтмишдан ҳикоя қилувчи бу ёдгорлик XIX аср меъморчилигининг қудратини намойиш этиб туради.
Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг фармони билан "Зиёвуддин" бекати яқинида 1894 йилда истироҳат боғи барпо этилган ва "Зиёвуддин" номи билан аталган. 1916 йилда амирликнинг Зиёвуддин вилояти Зиёвуддин, Хатирчи бекликларига ажратилган.
Бухоро амирлиги ўша даврларда Бухоро, Чоржуй, Қобоқли, Нурота, Кармана, Зиёвуддин, Хатирчи, Зирабулоқ, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Fyзор, Қарши, Чироқчи, Кўлоб, Ҳисор ва бошка шу каби бекликлардан иборат эди. Ўша даврда ҳозирги 3иёвуддиндан 15 километр шарқда Зиёвуддин қалъаси (Зиёвуддин беклиги қароргоҳи), 5 километр шимолий шарқда Буви Зиёвуддиний қишлоғи бўлиб, шаҳарчанинг номи ҳам шундан келиб чиққан.
Бухоро амирлиги XVI-XX асрлардаги ўзбек давлатчилиги тизимидаги хонликлардан бири ҳисобланиб, 1533 йилгача мамлакат маркази Самарқанд бўлган. Убайдуллахон даврида (1533-1539 йиллар) пойтахт Бухорога кўчирилган ва хонлик Бухоро хонлиги номини олган. 1510 йили Марв ёнида Шайбонийхон шоҳ Исмоил I Сафавий қўшинларидан енгилиб, ҳалок бўлгандан кейин Мовароуннаҳр темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур қўлига ўтади. Лекин кўп ўтмай, шайбонийлар яна Мовароуннаҳрни эгаллаган. Шу вақтдан бошлаб Мовароуннахр бутунлай шайбонийларга тобе бўлган. Ўша вақтларда хонликка ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг катта қисми (ҳозирги Афғонистоннинг) ҳамда Балх ва Бадахшон кирган. Убайдуллахон вафотидан кейин Бухоро хонлиги майда бўлакларга бўлиниб кетган. Бухорода Убайдуллахоннинг ўғли Абдулазизхон, Самарқандда эса Кўчкунчихоннинг ўғли Абдулатифхон мустақиллик эълон қилган. Балх ва Бадахшонда шайбонийлардан Пирмуҳаммадхон мустақил ҳукмронлик қилган.
Шу йилларда шайбоний султонлари ва маҳаллий мулқдорларнинг ҳокимият учун кураш кучайган. Тошкент ва Туркистонда Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон), Кармана ва Миёнқолда Искандархон, Балхда Пирмуҳаммадхон ва бошқа кичик-кичик ҳукмдорлар мустақил бўлиб олган. 1551-1556 йилларда шайбонийлар ўртасидаги Мовароуннаҳр учун курашда Искандархоннинг ўғли Абдуллахон ғолиб чиқиб, Бухоро хонлигида ўз ҳокимиятини ўрнатган. 1557 йилдан бошлаб Бухоро узил-кесил хонлик пойтахтига айланган. Искандархон (1563-1583 йиллар) ва унинг ўғли Абдуллахон II даврида Бухоро хонлигининг сиёсий мавқеи ортган. Абдуллахон II Балх (1573), Самарқанд (1578), Тошкент (1582), Фарғона (1583), Бадахшон (1584), Кўлоб (1585), Хуросон (1588), Хоразм (1595-1596) устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатган, марказий давлат бошқарув девонини мустаҳкамлаган. Шундай қилиб XVI аср охирига келиб Бухоро хонлиги марказлашган улкан давлатга айланган.
Бухоро амирлигининг Карманадан тортиб Оқдарёгача бўлган ерлари Миёнқол вилояти деб юритилган.
Искандархон (Шайбонийлардан) Кармана-Миёнқол (Зиёвуддин, Мирбозор, Каттақўрғон, Нурота, Иштихон, Оқдарё) вилояти ҳокими, кейинчалик Бухоро хони этиб тайинланган. Искандархоннинг ўғли Абдуллахон (Жонибек султоннинг невараси) отаси ўлимидан сўнг 1556 йилда амир этиб тайинланади. Амир Темурдан сўнг бутун Ўзбек элини (Кавказ, Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Турманистон) бирлаштирган подшоҳ ҳисобланади.
Бугунги кунда Пахтачи тумани шарқдан Нарпай, шимоли-шарқдан Хатирчи, Навоий ва Навбаҳор, жанубдан Нуробод туманлари билан чегарадош. Майдони - 1,37 минг км². Аҳолиси - 114,6 минг киши. Туман маркази - Зиёвуддин шаҳарчаси. Туман ҳудуди бир томонидан кенг ястаниб ётган Қарнаб чўллари, иккинчи томондан Зарафшон дарёси бўйларидаги суғориладиган ерлардан иборат.
Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг девонида “Зиёвуддин” сўзини шарафлаб, беназир байт битган:
Зиё ул Ҳақ ва д-дунёу ва д-дин,
Бериб иккинчи девонимға тазъйим,
Савод узра савод қилди мастур,
Вале манидадур нур ила нур.
Буюк араб тарихчиси ва географи Абулфараж Қудама ва Ибн Хурдодбеҳнинг маълумотига кўра, Добусқалъа шаҳри (Зиёвуддин шаҳарчасидан 5 километр узоқликда) эрамиздан олдинги 329-323 йилларда қайтадан бунёд этилган.
XVIII асрнинг охирлари ва XIX асрнинг бошларида ҳам қалъа қўрғон кўринишида сақланган. Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар 1817 йилда Добусқалъа вилоятида бўлиб, амирнинг ташаббуси ва раҳнамолигида бу ерда ягона ёдгорлик – Имом Баҳра ота обидаси таъмирланган. Шунингдек, кенг чўл бағридаги Қарнаб ота қишлоғида улкан аллома, табаррук зот, чўл бузурги Иброҳим шайх – Қарнаб ота дафн этилган жойда даҳма тикланиб, мармартош ўрнатилади.
XIX асрнинг биринчи чораги охирларида воҳа Зиёвуддин номи билан атала бошлаган. Дастлаб гоҳ Қалъаи Дабус, гоҳ Қалъаи Зиёвуддин шаклида, кейин биргаликда Зиёвуддин-Дабус ҳолатида қўлланган. Ўтган XIX асрнинг 30-йиллари охирларидан эса расмий ҳужжатларда воҳа Зиёвуддин номи билан юритилган. Добусқалъанинг вайроналари ёнида Зиёвуддин бегининг қароргоҳи бўлган. Бек аркда туриб иш юритган, фуқароларни қабул қилган. Чунки Зиёвуддин Бухоро амирлигига қарашли энг катта вилоятлардан бири ҳисобланган.
Бундан ташқари, Добусия ҳақида қисқача маълумотларни араб тарихчи ва сайёҳлари ибн Хордадбеҳ (IX аср), Қудамий (X аср), Ёқубий (X аср) ва Ибн ал-Фақиҳларнинг асарларида ҳам кўрамиз. Бу муаллифлар Суғдиёна шаҳарлари ва улар ўртасидаги масофалар ҳақида тўхталганларида, Добусияни ҳам тилга олган.
Араб сайёҳи Абул Қосим ибн Хауқал ўз асарида “Бухородан келишда, Карманадан ўтгандан сўнг Добусия шаҳрига келинади”, деб ёзган. Добусия ҳақидаги IX-IX асрларга оид тарихий маълумотлардан келиб чиқадиган хулосаларга кўра, бу шаҳар ўта кучли мудофаа тизимларига эга ва уч қисмдан: арк, шаҳристон ва работдан иборат шаҳар бўлган. Шунингдек, VIII-XI асрларга оид тарихий манбаларда бу ерда савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик юксак даражада тараққий этганлиги қайд этилган.
Добусия шаҳри ўрта асрларга оид тарихий ва жуғрофий асарларда кўплаб марта тилга олинган бўлса-да, уларнинг барчасидаги маълумотлар жуда қисқа. Араб жуғроф олими ал-Яқубийнинг (вафоти 905 йил) айтишича, Сўғд “Самарқанд, Добусия, Кушония, Кеш ва Насафдан ташкил топган”.
Араблар истилосига қадар “Добусқалъа Фай (Пай) салтанатининг пойтахти бўлган” деган тахминлар ҳам бор. Тарихий манбалардаги маълумотларга кўра, Добусия VI асрда Ўрта Осиёдаги мустақил ҳукуматлардан бири бўлган. Миёнқолдаги бу феодал ҳукуматининг пойтахти Добусия қалъаси бўлган ва унинг ҳукмдорини “Добусшоҳ” деб атаган.
XI аср ўрталарида Добусия тилга олинган яна бир маълумот мавжуд ва унда шаҳар мустаҳкам қалъа сифатида қайд этилган. Маҳмуд Ғазнавийнинг ўғли Султон Масъуд ўша пайтда ўзининг қўли остида бўлган Хоразмнинг ҳукмдори Олтинтошга Бухоро ва Самарқандга (қорахоний ҳукмдор Али ибн Ҳасан (ёзма манбаларда Али Тегин номи билан тилга олинади) қўли остида бўлган) ҳужум уюштиришга буйруқ беради. Қорахонийлар қўшинлари хоразмликларга қарши чиқиб енгилади ва Добусия қалъасига бекинади, Олтинтош қалъани қўлга киритишига бир баҳя қолганда Али Тегин унга хат ёзиб, сулҳни Добусияда тузишга эришади. Мана шу воқеалар даврида Добусия мудофаланган қароргоҳ сифатида фаолият кўрсатган. Шу пайтда, яъни ҳижрий 423-428 йилларда бу шаҳарда зарб этилган дирҳамда у Қутлуғ Ўрда ад–Добусия, яъни “Бахтли Добусия” номи билан тилга олинади.
XIX аср ўрталарида Бухоро амирлиги Жиззах, Самарқанд, Панжикент, Челак, Нурота, Пайшанба, Кармана, Каттақўрғон, Хатирчи, Зиёвуддин, Бухоро, Қоракўл, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Шаар (Шаҳрисабз), Чироқчи, Шеробод, Ғузор, Матчо, Фон, Фалғар, Яхнаоб (Яғноб), Қўштут, Бойсун, Деҳнов, Юрчи, Ҳисор, Балжувон, Кўлоб, Қўрғонтепа, Қабодиён каби жами 44 та бекликдан иборат бўлган.
Бундан кейинги даврда қабул қилинган ҳужжатлар ва асарларда эса Дабус ва Зиёвуддин атамалари биргаликда қўлланган. Зиёвуддин арабча сўз бўлиб, “зиё ад-дин” – “диннинг нури” деган маънони англатади. Бекликда яхши отлар кўп бўлиб, амирлик эҳтиёжи учун зотли отларни етиштирилганлиги сабабли амирликнинг тўпчи қўшинларини тўлдириб турувчи асосий макон (штаб) бўлиб хизмат қилган. Бухоро амирлиги отлиқ аскарлари ўз отлари билан қўшин таркибига беркитилган, артиллерия билан таъминланиб, Зиёвуддин беклиги ҳудудида жойлаштирилган, бу ерда отларга қараш ва қурол-аслаҳаларни таъмирлаш ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш амалга оширилган. Ўша даврда Кармана ва Зиёвуддин ҳудудида амирликнинг 3 минг аскари бўлган.
Комил ИСМОИЛОВ,
тарих фанлари номзоди.
(Давоми бор).