10 минг долларга "заҳри қотил" сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларидан хабардор бўла туриб, унинг домига тушиб қолаётган, шу орқали “ишбилармонлик” қилаётган кимсаларга тайёр хўрак ва даромад манбаи вазифасини ўтаётган шахсларнинг борлиги ачинарли.

Гап шундаки, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, Самарқанд чегара қўшинлари ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида наркотик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш йўналишида ўтказилган тезкор тадбир давомида ана шундай кимсалар ушланди.

1990 йилда туғилган Ургут туманида яшовчи фуқаро А.Ж. маҳаллий фуқарога 765,89 гр. “опий” гиёҳвандлик воситасини 10 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида тезкор гуруҳ томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан фуқаро А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.