101 миллион сўм алимент пулини тўламай, қочиб юрган фуқаро 15 суткага қамалди
МИБнинг Самарқанд тумани бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2010 йил 11 августдаги ижро варақасига асосан қарздор У.Х.дан М.И. фойдасига фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Қарздор алиментдан бўлган қарздорликни тўлашдан бўйин товлаб, яшириниб юрганлиги учун унга нисбатан бўлим давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Қидирувдаги фуқаронинг қарзи 101 миллион 468 минг сўмдан ошиб кетган. Шу боис, бошқарманинг қидирув бўлими томонидан унга нисбатан қидирув ҳаракатлари олиб бориш жараёнида қарздор туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига электрон навбатга туришга келганлигида аниқланган ва ушланган.
Фарзанд таъминотидаги қарзни тўлашдан бўйин товлаган фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-(4)- моддасига асосан маъмурий иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг қарорига асосан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Тўражон Жалилов,
МИБ вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси катта инспектори.