19 июнь – Жаҳон болалар футболи куни
Замонавий тиббиёт хулосаларига кўра, спорт, хусусан, футбол билан шуғулланган бола соғлом ва бақувват бўлиб ўсади. Ақл-идроки ривожланади, ҳамжиҳатликни, жамоа бўлиб ҳаракатланишни ўрганади. Бундай фазилатлар эса шубҳасиз, мурғак қалбларда эзгулик тушунчаларининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади. Шу боис ҳам “миллионлар ўйини”нинг оммалашиши алоҳида аҳамиятга эга.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) келишувига асосан, 19 июннинг “Жаҳон болалар футболи куни” деб белгилангани бежиз эмас. Мазкур сана муносабати билан бутун дунёда ўтказиладиган спорт тадбирлари, мусобақалар орқали жаҳон ҳамжамияти эътибори яна бир карра ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилади.
Ўзбекистонда ҳам ушбу кун анъанавий тарзда кенг нишонланади. Болаларга катта ғамхўрлик қилинади. Лекин диққатга сазовор жиҳати шундаки, юртимизда эртамиз эгаларига кўрсатиладиган меҳр ва эътибор фақат бирор-бир санадагина эмас, балки йил бўйи давом этади. Дарҳақиқат, Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида аҳамият қаратила бошланди.
Натижада футболимиз мавқеи ҳам том маънода янги, тараққиёт босқичига кўтарилди. Бу албатта, яратиб берилган мустаҳкам ҳуқуқий ва моддий асос билан бевосита боғлиқ. Жумладан, ўтган вақт мобайнида футбол клубларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, стадионларни ФИФА талабларига мувофиқлаштириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган маҳоратли футболчиларни тайёрлаш, қолаверса, мамлакатимиз футболининг оммавийлик даражасини ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ва терма жамоаларда ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, футболчилар, мураббийлар ҳамда ҳакамларнинг маҳорат ва малакасини юксалтириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Табиийки, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг юқори самараларини беряпти. Мамлакатимизнинг барча жойларида “миллионлар ўйини” тобора оммалашиб, ёш иқтидорлар кашф этилаётир. Улар асосида шакллантирилаётган терма жамоаларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Фазлиддин АБИЛОВ.