2019 йил 1 июнгача дарахтлар хатловдан ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишлари янада ривожлантирилиши белгиланган. Мазкур қарор ижроси юзасидан жорий йил 24 январда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тизимлаштириш ва улардан фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби янада такомиллаштирилади. Шунингдек, 2019 йил 1 июнгача давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги дарахтлар хатловдан ўтказилади.

Хўш, ҳужжатга келтирилган захира майдонларига ким янги кўчат экади, дарахтларни хатловдан ўтказишдан мақсад нима?

- Ушбу қарор билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги дарахтлар хатловдан ўтказилади, - дейди вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов. – Бу дарахтларни ноқонуний кесиб кетилишининг олдини олади. Шунингдек, хатлов мавжуд дарахтлар сони бўйича аниқ маълумотга эга бўлиш ва кейинги йилларда дарахтлар сони қанчага кўпайганини ҳисоблаш учун ўтказиляпти. Энди бўш турган ва захира ерларида шаҳар ва туман ҳокимликлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ўзига тегишли майдонга корхона-ташкилотлар, темирйўл бўйларига автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, фермер хўжаликлари ўзига тегишли ерларга, сув бўйларига «Зарафшон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, шаҳар ва туман марказларида ободонлаштириш бошқармаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда янги дарахтлар экади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони, дарахтларни рухсатномаларсиз кесиш ғайриқонуний ҳисобланади. Уларни кесиш, қўпориб олиш учун ҳам рухсатнома талаб қилинади. Эндиликда қуриб қолган ёки шикастланган дарахтлар ҳам Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси асосида амалга оширилади.