2022 йилда вилоят бюджет даромадлари 4,5 триллион сўмга етказилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллик учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йилда кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йил учун белгиланган асосий параметрлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

– 2021 йилнинг 9 ойи давомида вилоятнинг маҳаллий бюджет даромадлари 2 триллион 241 миллиард сўмни ёки прогнозга нисбатан 115 фоизни ташкил этди, – деди Э.Турдимов. – 317 миллиард 800 миллион сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йил якуни билан бюджет даромадлари 3 триллион 173 миллиард 700 миллион сўм (117 фоиз)га бажарилиши кутилмоқда. Яъни, прогноздан 450 миллиард сўм кўп бўлади. 2022 йилда ҳам бюджетнинг даромадлар қисмини янада ошириб бажаришни ўз олдимизга мақсаб қилиб белгилашимиз керак. Даромаднинг кўп бўлиши таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, инфратузилмани янгилаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш имкониятларимизни кенгайтиради.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев ахборот берди.

Қайд этилишича, 2022 йилда солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича вилоят бюджети даромадлари 3 триллион 956 миллиард сўм, харажатлари 4 триллион 963 миллиард сўм ҳамда республика бюджетидан маҳаллий бюджетга тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 триллион 8 миллиард сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Муҳокама жараёнида вилоят бюджет даромадларини 4,5 триллион сўмга етказишни кўзлаб ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Сессияда таъкидланишича, 2022 йилдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш ҳамда ваколатларини кенгайтириш мақсадида қуйидаги харажатларни ҳам вилоят бюджетидан молиялаштирилиши кўзда тутилган:

- адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш;

- кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари;

- иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари;

- инвестиция дастурлари асосида умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, туман ва шаҳар марказларини ободонлаштириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари.

Яна бир муҳим ўзгариш, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллабай ишлашнинг янги тизими, яъни ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилади ва бунинг учун 83,6 миллиард сўм маблағ назарда тутилган. Ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш харажатлар учун 28,6 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан Кенгашнинг қарори қабул қилинди.