Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг 2023 йилги бюджети ҳақида мулоҳазалар: Қачонгача аграр соҳага жалб этиладиган инвестициялар саноатга нисбатан паст бўлади?

2022 йилнинг 29 декабрида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори асосида Самарқанд вилоятининг 2023 йилги бюджети тасдиқланди. Унга кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 74,5 трлн. сўм бўлиши, унинг ўсиш суръати 6,1 фоиз, жумладан, саноатда 7,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,7 фоизга ўсиши кўзда тутилган.

Савол туғилади: нима учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи, саноат учун хомашё етказиб берувчи, экспорт салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи аграр соҳанинг ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан кўра пастроқ бўлиши керак?! Албатта, бундай ёндашув натижаси ўлароқ, истеъмол товарлари нархининг йиллик индекси 12 фоиздан паст бўлмайди-да. Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолат нафақат Самарқанд вилояти, балки бутун республикага ҳам хос бўлган нарса.

Иқтисодиёт назариясидан маълумки, аграр соҳа капиталининг техник тузилиши бу ердаги ишлаб чиқаришни бошқа соҳаларга нисбатан камроқ маблағлар билан ва тез суръатларда ошириш  имконинини беради. Нега бизлар умумбашарият риоя қилиб келаётган иқтисодий қонунни инкор қилишимиз керак? Қачонгача аграр соҳанинг асосий капиталига жалб этиладиган инвестициялар саноатга нисбатан 2-3 марта паст бўлиб қолаверади?

Агар вилоят ЯҲМни 2023 йилда мамлакат бўйича башорат қилинаётган ЯИМ билан солиштирсак, 7,5 фоизлик улуш келиб чиқади, бу эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот мамлакат ўртача кўрсаткичидан анча паст дегани. Шу сабабдан, маҳаллий бюджетнинг даромадлари харажатларга нисбатан 2,2 трлн. сўм кам миқдорда башорат қилинаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Энди таҳлилни бирмунча чуқурлаштирайлик.

4 958,8 млрд. сўмлик даромадларнинг 1,0 трлн. сўмлиги жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғидан иборат эканлигини кўриш мумкин. Бир қарашда бу жуда катта рақам, ҳаттоки даромадлардаги улуши ҳам 20,0 фоизга тенг. Танганинг бошқа томонига эътибор қаратайлик: даромад солиғи 1,0 трлн. сўмга тенг бўлиши учун иш ҳақи фонди 8,3 трлн. сўмни ташкил этиши (солиқ ставкаси 12 фоиз), бу эса 300 минг киши ўртача ҳисобда ойига 2,3 млн. сўмлик маошга эга бўлишини англатади. Бу реал нарса. Лекин нима учун 2 миллионга яқин меҳнатга лаёқатли аҳолининг атиги 15 фоизи даромад солиғи тўловчиси сифатида амал қиляпти, деган савол депутатларни қийнамаётганига ҳайрон бўлмасдан иложимиз йўқ.

Маълумки, инсон қариган чоғида ижтимоий жиҳатдан ҳимояланган бўлиши керак. Тегишли меҳнат стажига эга бўлса-да, ўз вақтида иш ҳақига эга бўлганлигини давлат идоралари олдида исботлай ололмаса, қониқарли пенсиядан умид қилмаса ҳам бўлади. Тасаввур қилинг, вилоят аҳолисининг 1,7 миллион нафари шунақа ҳолатда, яъни уларга иш ҳақи ҳисобланмаяпти, бу эса вақти келганда муносиб қариликдан маҳрум бўлишга асос бўладиган сабабдир. Энди бундай ташвишли вазиятдан чиқишнинг мавжуд имкониятлари тўғрисида бош қотириб кўрайлик.  

Сир эмас, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётида ўзига хос таркибий тузилиш шаклланди, яъни унинг ташкилий сектор доираси тор даражадаги кўринишга эга бўлди. Бунинг исботи сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ярмидан кўпи якка тартибда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлар ёрдамида ишлаб чиқарилаётганини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Аграр соҳанинг ташкилий секторидаги ҳолатни ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Мисол учун, 50 гектар ва ундан кўпроқ ер майдонига эга бўлган фермер хўжаликларида доимий ва расман банд бўлган кишиларнинг сони 6-7 кишидан ошмайди. Уларнинг аксарият  қисмида техник-муҳандис, иқтисодчи ёки ҳисобчи лавозими штат бирликларида кўзда тутилмаган. 20 минг гектар ва бундан кўпроқ суғориладиган ерларда деҳқончилик амалга ошириладиган туманларда кўпи билан 10-15 агроном фаолият кўрсатади, холос.

Яқин келажакда мева-сабзавот экспортини йилига 7,0 млрд. долларга етказиш ва шунинг эвазига ташқи савдо фаолиятидаги салбий сальдони имкон қадар қисқартириш, юқори суръатлар билан ўсиб бораётган аҳолининг рационал овқатланишини таъминлашдек вазифалар долзарблиги юқорилаб бормоқда. Шу нуқтаи назардан аграр соҳа ташкилий доирасини кенгайтириш борасидаги ишларни замон талабига жавоб беради, деб бўлмайди. Деҳқон хўжаликлари ташкил этиш билан бирга йирик, комплекс тарзда механизациялашган, сабзавотчилик ва картошкачиликка ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш йўлга қўйилса, ҳам иқтисодий самарадорлик ошади, ҳам ижтимоий масалаларнинг ҳал этилишига кенг йўл очилади. Оддий ҳисоб-китобларга кўра, фақат вилоят аграр соҳасини ислоҳ қилиш ва шу ҳисобдан унинг ташкилий сектор доирасини кенгайтириш ҳисобидан жисмоний шахслар тўлайдиган даромад солиғи базасини икки-уч маротаба ошириш мумкин.

Ғалланинг харид нархлари оширилиши натижасида ун ва ноннинг нархлари тахминан икки баробар ошди, бу эса аҳоли, айниқса қишлоқ аҳолисининг аксарият қисмини қийин аҳволга солгани аниқ. Шу ўринда вазиятни юмшатишга қаратилган жиддий бир имкониятдан фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Гап шундаки, расмий статистик маълумотларга кўра саноат йўли ишлаб чиқариладиган нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилдан йилга қисқариб бормоқда. Самарқанд шаҳрининг ўзида бир қатор нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди ва бунга муайян иқтисодий-ташкилий омиллар сабаб бўлганини мутасадди шахслар жуда яхши тушунади. Бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири, бу ушбу соҳада вужудга келган вазиятни чуқур таҳлил қилиш, мавжуд корхоналарни реконструкция қилиш, лозим топилса янги корхоналарни ишга тушириш ҳисобига аҳолини сифатли ва чўнтакбоп нон маҳсулотлари билан таъминлашдир. Анъанавий тарзда нон ёпишни имкон қадар қисқартириш - энергия ресурслари, қишлоқ аёлларининг қимматли вақтини самарасиз ишлатилишини олдини олиниши билан бирга ҳаётий зарур бўлган маҳсулотни санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш йўли билан ишлаб чиқаришга кенг йўл очиб беради. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу таклиф ўзининг мантиқий якунини топган тақдирда, вилоят саноатида тахминан 8-10 мингта янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий бюджетга салмоқли ҳажмдаги қўшимча даромадлар келиб тушиши кафолатланади.

Маҳаллий бюджетни шакллантиришда катта ўринга эга бўлган молиявий манбалардан бири – бу фойда солиғидир. Фойда - бу тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги энг олий мақсад эканлигини ҳам яхши биламиз. Фақат молиявий натижалар нафақат тадбиркорга, балки давлат ва жамият аъзоларига ҳам тенг хизмат қилиши лозим. Маҳаллий бюджет даромадларининг 355 млрд. сўми юридик шахслардан ундириладиган фойда солиғи ҳисобидан шаклланиши, бу эса ҳаттоки жисмоний шахслардан ундириладиган солиқдан 3 маротаба кам эканлиги, маҳаллий бюджетга тегишли муносабатлар, унинг ҳисоб-китобларида жиддий нуқсонлар мавжудлигини англатади. Бунинг объектив сабаблари борлигини ҳам тан олиш керак, албатта.

Минглаб саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқа юридик шаклдаги корхоналар фойда солиғи тўловчилари ҳисобланади. Солиқ инспекцияларида улар фаолиятини мониторинг қилиш, камерал назорат билан шуғулланадиган ходимлар саноқли эканлиги билан бирга, уларнинг камдан-кам қисми турли хил технологияларга асосланган ишлаб чиқариш харажатларини таҳлил қилиш қобилиятига эга. Шу сабабдан солиқ базасини ҳисоблаш ўта оғир масала эканлигини тушуниш қийин эмас. Тушунарсиз бўлган бошқа нарсалар бор. Мисол учун, Самарқанд шаҳри бўйича ҳисобланган фойда солиғининг атиги 10 фоизи унинг бюджетида қолдирилиши. Бундай шароитда шаҳарнинг иқтисодий блок ходимлари корхоналарнинг юқори рентабеллик билан ишлашига манфаатдор бўладими? Худди шунга ўхшаш бошқа бир мисол. Жисмоний шахслар даромад солиғининг  22 фоизи шаҳар бюджетида қолдирилиши ҳудудий иқтисодиётнинг ташкилий секторини кенгайтириш, сояги иқтисодиёт кўламини қисқартиришга манфаатдорлик йўқлигини билдиради.

Якуний хулоса сифатида қуйидагиларни таъкидлаш лозим.

Биринчидан, юқорида қайд этилган номутаносибликлар ва нуқсонлар марказлашган бошқарувнинг мантиқсиз асоратларидир.

Иккинчидан, ҳудудий иқтисодиёт ривожланиши учун тегишли, жумладан молиявий муносабатларга тегишли қоида, тартиб ва қонунлар замонавий талаблар даражасида ишлаб чиқарилмаган.

Учинчидан, маҳаллий бошқарув органларида ташаббускорлик етишмаслиги, боқимандалик кайфиятидан воз кечиш қийин кечаётгани натижасида ҳудудий иқтисодий фаолият  паст даражадаги самарадорлик билан амалга ошириляпти.

Умид қиламизки, ижтимоий давлат тамойилларига мос келадиган чора-тадбирлар яқин кунларда ишлаб чиқарилади ва улар 2023 йилнинг ишчи дастурида ўз аксини топади.        

Илҳом Вафоев,

иқтисодчи.