55 қоидабузарлик ҳақида ҳайдовчилар хабар берди
Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига ўтган ҳафта давомида ҳайдовчилар томонидан кузатилган қоидабузарликлар ҳақида 55 та мурожаат келиб тушди.
Бошқарма ахборот хизматининг хабар беришича, ҳайдовчилар томонидан тақдим этилган фото ва видео материаллар асосида 10 ҳолатда светофорнинг таъқиқловчи қизил чироғига риоя қилмаслик, 15 ҳолатда қарама-қарши ҳаракатланиш, 15 ҳолатда йўл белгиларига амал қилмаслик, 15 ҳолатда йўл чизиқларини босиб ҳаракатланиш билан боғлиқ қодабузарликлар қайд этилиб, ҳайдовчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 26-27 апрель кунлари вилоят бўйлаб ўтказилган “Автопатруль” рейд тадбири давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 1260 та қоидабузарлик аниқланди. Жумладан, 104 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқараётгани, 79 нафар ҳайдовчи тегишли ҳужжатларсиз ҳаракатлангани қайд этилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Рейд кунлари 207 та транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.