8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни
Байрам 1958 йилда Халқаро Журналистлар Ташкилоти Конгрессининг қарори билан таъсис этилган. Санани танлаш 1943 йил 8 сентябрда фашистларнинг Берлинда чехословакиялик журналист ва адабиёт танқидчиси Юлиус Фучик қатл этилиши билан боғлиқ. Қамоқхонада бўла туриб, у "Бўйинда сиртмоқ билан репортаж" китобини ёзишга муваффақ бўлди. Вафотидан кейин, 1950 йилда китоб учун Халқаро Тинчлик мукофотига сазовор бўлди. Китоб дунёнинг 70 та тилига таржима қилинди.
Бутун дунёда журналистика энг хавфли касблардан бири бўлиб қолмоқда. Дунёнинг деярли ҳар бурчагида журналистларга тазйиқ уюштирилади, ҳаётига суиқасд қилинади.
Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда дунёда 32 нафар журналист ўлдирилган, 65 журналист бедарак йўқолган, 251 киши қамоққа ташланган.
Халқаро журналистлар бирдамлиги куни бутун дунёда турли мамлакатлар журналистларини бирлаштирадиган конференция ва анжуманлар ўтказилади. Оғир шароитларда ҳам ўз касбига содиқ журналистлар мукофотланади.