8 ёшли қизалоқ деярли бутун ҳаётини «қамоқ»да ўтказди

Фақатгина Мария исми билан маълум бўлган қиз шу йилнинг сентябр ойида Германия ғарбидаги Аттендорн шаҳрида бобоси ва бувисининг уйида топилган. Қизалоқни уйда қамаб сақлашгани маълум бўлган.

Немис матбуотига кўра, оиласи унинг мулоқот ва ҳаракат доирасини чеклаб, “оддий ҳаёт кечириши”, боғча ва мактабга боришига тўсқинлик қилган.

Қиз етти йил давомида ташқи дунёдан тўлиқ ажратилган ҳолда уйда сақланган. Озод қилингач у ҳатто зинапояга зўрға кўтарилган, чунки бу унинг учун нотаниш восита эди).

Ҳозирда қиз вақтинча асраб олган оила қарамоғида ва унинг аҳволи қониқарли. Қизни текширган шифокорлар жисмоний зўравонлик ёки тўйиб овқатланмаслик аломатларини аниқламаган.

Зиген шаҳри туман маркази прокуратураси қизнинг онаси, бобоси ва бувисини озодликдан зўраки маҳрум этиш юзасидан тергов олиб бормоқда.

Маълум бўлишича, ажрашгандан сўнг онаси Марияни эридан яширишга ҳаракат қилган ва 2015 йилдан бери ҳаммага қизи у билан бирга Италияга кўчиб кетганини айтган.

Г.Холдорова тайёрлади.