Абдулазиз Комилов: "Мигрант бўлиш осон эмас. Бу ашаддий синов"
7 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ярим йилликдаги фаолияти ҳақида ахбороти эшитилди.
Абдулазиз Комилов ўз ҳисоботида коронавирус пандемияси сабабли қийин аҳволга тушиб қолган хориждаги Ўзбекистон фуқаролари масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси шароитида Ташқи ишлар вазирлиги ўз функционал вазифалари доирасида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 11 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароларига моддий ёрдам кўрсатилгани, 95 мингдан ортиқ фуқаролар ўз Ватанига қайтарилгани, шунингдек, мамлакатдаги 7 мингдан ортиқ хорижий фуқароларни ўз юртларига юборилгани маълум қилинди.
Шу билан бирга, ўз нутқида ташқи ишлар вазири ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ва уларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли давлат дарстурини ишлаб чиқиш кераклиги ҳамда уларга шароитлар яратиб беришда вазирлик қўлдан келганча ҳаракат қилаётгани ҳақида сўз олиб борди.
«Мигрант бўлиш осон эмас. Бу ашаддий синов. Мигрантлар муаммоларини айсберг сингари кўзга кўринган қисмини муҳокама қилаяпмиз. Бу муаммони ҳал қилиш учун комплекс ёндашув бўлиши керак. Чет элда сарсон бўлиб юрган ватандошимизни тўхтатиб, Ватанга қайтасанми, деб сўрасангиз, қайтаман, менга иш топиб беринглар дейди. Ҳалол меҳнат билан даромад топиб, оиламни боқаман. Агар шуни таъминлаб берсанглар, ҳозир қайтаман, бу ерда яшаш осон эмас, дейди. Мигрантларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли давлат дастури бўлиши керак.
Чет элдаги юртдошларимизни мигрант дейишга тил бормайди. Албатта, уларнинг орасида ҳар хили бор. Лекин кўпчилиги ватанпарвар, ватанни севади, бугун десангиз — бугун қайтишга тайёр. Биз шароитларни яратиб беришимиз керак…
Ватандошларимизга қўлдан келгунча ёрдам берамиз. Лекин муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Москва округидаги консулхонада 4 нафар ходим 1,7 млн кишига хизмат кўрсатади. Бир кунда 7 минутли 100 та қўнғироқ бўлса, 12−13 соат гаплашиш керак телефонда. Шунинг учун ҳам консул жавоб бермади, деган эътирозлар бор. Консулхонага ҳужум қиламиз, ўт қўямиз, консулни осамиз, деган гаплар ҳам бўлди. Консуллик ходимлари қаерда муаммо бўлса, дарҳол етиб боришга ҳаракат қилаяпти…
Албатта, ТИВ доим Сенатни ва парламентни хизматида бўлади, лекин ҳамкорлигимиз икки томонлама бўлиши керак, деб ўйлайман.
Ҳар замонда қандайдир тушунмовчилик чиқиши мумкин. Бунинг кўп сабаблари бор, лекин биттаси ахборот етмаслиги. Балки, вазирлик вақтида Сенатга, парламентга маълумотларни тўлиқ бермаганлиги.
…Фуқароларимиз тақдирини енгиллаштирадиган бир иккита ҳужжатларни тайёрлаган эдик. Россия билан имзоламоқчи бўлган эдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буниям, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак. Улар айтаяптики, тўғри ёзилган, яхши шартнома. Шартномани нима қиласиз? Мана, Евроосиё иқтисодий иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади…
Энди ЕОИИ сингари институтларнинг кўплаб салбий, ижобий тарафлари бор, шунинг учун, ўрганиб қадам ташлаш керак. Лекин шунақа муаммолар кун тартибида бор", - дея таъкидлади Абдулазиз Комилов.