Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Афғонистон собиқ президентининг маслаҳатчиси Ашраф Ғани АҚШни қандай “алдаганини” айтди

Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳибнинг айтишича, мамлакатда ҳукумат Толибонга ўтган куни Ғани америкаликлар билан учрашишдан қочган, чунки "уларга бошқа ишонч йўқ эди"...

Қобулни Толибон қўлга олиши арафасида Ғани “қирғиннинг олдини олиш” мақсадида мамлакатни тарк этгани айтилганди. АҚШнинг махсус вакили Толибон пойтахтни босиб олишидан бир неча соат олдин Қобулга икки ҳафта кирмасликка ваъда берганини, Ғанининг қочиб кетиши эса америкаликлар ва Толибон ўртасидаги бу келишувга путур етказганини айтди.

Халилзоднинг айтишича, келишув вақтида АҚШ маъмуриятида ҳеч ким Ғани мамлакатни тарк этиш ниятида эканлигига шубҳа қилмаган. Ғани қочиб кетганидан сўнг у ғазнадан 169 миллион доллар ўғирлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

1ТV телеканалининг хабар беришича, Ғани қочишга бир ой, расмийлар эса пулни олиб чиқишига камида бир ҳафта тайёргарлик кўрган. Кейинроқ собиқ президент БААдан туриб ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмаганини айтди.

Моҳиб CBS телеканалига Ғани ва унинг атрофидагилар бўлган вертолётлар Афғонистонни тарк этаётганда “америкаликлардан қочиш” мақсадида пастлаб учишга мажбур бўлганини тасдиқлади. “Уларга бошқа ишонч қолмади... Мен бир кун аввал америкаликлардан оддий нарса сўрадим: агар бу келишув – ҳукумат Толибонга ўтадиган келишув иш бермаса... улар (АҚШ) бизни қутқарадими? Жавоб мужмал бўлди" - таъкидлади у. Моҳибнинг айтишича, ўшанда “Толибон” “ҳомийлари” Ғанининг бошини сўрашган эди.

Нима бўлганда ҳам собиқ маслаҳатчи собиқ президент Афғонистондан миллионлаб доллар чиқариб кетгани ҳақидаги маълумотни рад этди. "Биз ўзимиз билан ўзимизни олиб кетдик. Одамларнинг кўпчилигида... ҳатто алмаштиришга кийими йўқ эди. Шунинг учун Амирликларда ҳатто президент учун ҳам алмаштиришга янги кийим олишга тўғри келди", дея қўшимча қилди Моҳиб.