Одамлар пулини асосан нималарга сарфлайди? Даромаднинг ташқи ва ички омиллари қайсилар?
Мамлакатимизнинг 80,0 млрд. долларлик ЯИМ таркибида аҳоли даромадлари йилдан йилга фарқ қилади, аммо улуши 25 фоиз атрофида бўлади. Расмий маълумотларга кўра, хориждан жўнатилган маблағлар миқдори 2022 йилда 16 млрд. доллардан ортган. Демак, 80 миллиард долларнинг тўртдан бир ҳиссаси ҳамда хориждан жўнатилган маблағни қўшсак, аҳолининг жами йиллик даромади 36 миллиард долларни ёки аҳоли жон бошига 1000 долларни ташкил этади.
Иқтисодий таҳлилларга кўра, уларнинг 30 миллиард доллари (80 фоиздан кўпроғи) озиқ-овқат маҳсулотлари (умумий овқатланиш хизматлари билан бирга), тамаки ва алкоголь, дори-дармон харидига сарфланади. Қолган қисми эса деярли тенг нисбатларда коммунал тўловлар, уй-жой қурилиши, енгил автомобиллар, ноозиқ-овқат маҳсулотлари (кийим-кечак, мебель, маиший техника, телефон ва ҳоказо) сотиб олишга, транспорт хизматларидан фойдаланишга йўналтирилади. 1,0 миллиард доллари алоқа, тиббиёт ва таълим хизматлари, ўқув контракт ва солиқ тўловлари гуруҳига сарфланади.
Энди эътиборингизни ички бозорда вужудга келган, оилалар бюджетида шаклланган муайян мувозанатликни бузилишига олиб келадиган омилларга қаратмоқчиман.
Биринчидан, 2023 йилнинг бошидан ёқилғи таъминоти соҳасида вужудга келган танқислик ва қаҳратон қиш асоратлари таъсирида транспорт хизматлари, гуруч, пиёз, тухум ва бошқа айрим аҳоли кундалик эҳтиёжлари товарлари нархлари 15-20 фоизга ўсди. Демак, инфляцияни давлат дастурида кўзда тутилган 9,5 фоизлик даражагача пасайтириш масаласи амримаҳол бўлиши мумкин.
Иккинчидан, Россиянинг рубли санкциялар таъсирида охирги икки ой ичида ўз қадрини 20 фоизга йўқотди. Агар шундай ҳолат давом этса, Россияда ишлаётганлар жўнатадиган пул миқдори ўтган йилгига нисбатан 2,0 млрд. долларга, бошқача айтганда, ички бозор сиғимини худди шунчага қисқартириши мумкин.
Учинчидан, ҳукумат қарори билан пишиқ ғишт, цемент ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни табиий газ таъминотига чекловлар эълон қилинди. Натижада бу маҳсулотлар камроқ ишлаб чиқарилди, таннарх ошди. Бу эса уй-жой қурилиши ва таъмирланиши сусайишига, соҳа ходимларининг сони камайишига олиб келди. Шусиз ҳам ўтган 2022 йилда вилоятда фойдаланишга топширилган уй-жой майдони 40 фоизга қисқарган эди.
Тўртинчидан, экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, энергетика соҳасининг инвестицион фаолиятидаги муаммони аҳолига етказиб бериладиган электр ва табиий газ тарифларини оширмасдан ҳал қилиб бўлмайди, шу билан бирга уларни 15-20 фоизга кўтариш натижа бермаслиги ҳам мумкин. Табиий газ четдан сотиб олинган тақдирда (уни нархи ички бозор нархидан 2-3 баравар қимматроқ) субсидиялаш мақсадида ташқи қарз лимитини муайян даражада оширишга тўғри келади.
Аҳоли даромадлари ташқи ва ички омиллар таъсирида камайса, биринчи навбатда ноозиқ-овқат маҳсулотлари, уй-жой, яъни энг юқори меҳнат сиғимига эга бўлган товарлар сотилиши кескин тарзда қисқаради, бу ишсизлик бошқариб бўлмайдиган жараёнга айланади, дегани. Россия рубли қулаши давом этса, у ерда ишлаш муайян тоифадаги ишчилар учун манфаатсиз бўлади ва уларнинг бир қисми орқага қайтишни бошлайди. Ҳозирнинг ўзида икки ой олдин 500 долларга тенг бўлган рублда олинадиган иш ҳақи 400 долларга айланмоқда.
Одамларнинг ташқи миграциядан қайтиши, хорижий туристлар оқимининг кенгайиши озиқ-овқатга бўлган талабни кескин оширади, бу эса инфляцияни қўзғатадиган муҳим омиллардан биридир.
Хоҳлаймизми-йўқми, инвестицион фаолиятдаги энг долзарб йўналиш - бу мамлакатимизнинг газ саноати. Минглаб иссиқхоналарнинг, жамоат автомобиль транспорти корхоналарининг банкротликка учрамаслиги, уй-жой қурилиши ҳажмининг шаклланган даражада сақланиши, камбағалликни қисқартиришга қаратилган чораларнинг натижадорлиги шу соҳанинг юксалишига боғлиқ.
Қуёш батареялари ва шамол станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси куз-қиш мавсумида энергия ресурсларига бўлган талабни қондира оладими, деган саволга илмий асосланган жавоб топиш бугунни куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Маълумки, табиий газдан фарқли ўлароқ, электр энергиясини жамлаш амалиётидан шу пайтгача бехабармиз. Бу борада охирги йилларда дунёда ҳеч қандай инновацион технология ишлаб чиқилмаган. Шундай экан, ушбу мақсадларда катта маблағлар сарфлашдан олдин, аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилиши, чекланган молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш, улар ёрдамида энергетика соҳасида вужудга келган танқисликни бартараф эта олишга ишонч ҳосил қилиш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Демак, муқобил энергия ишлаб чиқарувчи ускуналар тўғри келган жойларда, пала-партишлик билан эмас, балки уларни ўрнатишга кетадиган сарф-харажатлар ўзини қайси ҳудудда, қайси бизнес-лойиҳада оқлай олиши инобатга олиниб, жойлаштирилиши лозим. Шундай йўл тутилса, қиш мавсумида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг эҳтимоли пасаяди, уларнинг ечими енгиллашади, катта эҳтимол билан даромади камайиб бораётган оилалар учун қиш катта қийинчиликлар туғдирмайди.
Илҳом Вафоев,
иқтисодчи.