Али Ҳамроев: «Агар кино олсам, фақат Самарқандда оламан»

Али Ҳамроев 84 ёшни қаршилаётган бўлса-да, унинг кино олишга, янги асарлар яратишга бўлган меҳри ўзгача. Италияда яшайди, аммо Ўзбекистонда кино олиш у кишига мароқ бағишлайди.

1937 йил 19 майда Тошкентда туғилган Али Ҳамроев Герасимов номидаги Бутунроссия давлат Кинематография институтини тугатган. Режиссёр сифатида қалбимиздан чуқур жой олган  «Ёр-ёр», «Дилором», "Лайлак келди, ёз бўлди", "Қизил қум", "Еттинчи ўқ", "Инсон қушлар ортидан боради", "Халқ жасорати", "Мевазорлик аёл" каби фильмлар муаллифи. Ҳозирда Самарқандда Кинематография агентлиги буюртмасига асосан “Ёшлик” киностудияси томонидан “Самарқандда қовун таровати” бадиий фильмининг суратга олиш ишларини олиб бормоқда.

Режиссёр Али ака фильм ҳақида, суратга олиш жараёнлари, Самарқанднинг ўзига хослиги ҳақида гапириб берди.

- Фарзандларим ва невараларим билан ҳозирда Италияда истиқомат қиламан, - дейди режиссёр. –  Лекин Ўзбекистон билан ҳам алоқаларим узилгани йўқ. 10 йилда 6 та ҳужжатли фильм ишладим. Игор Савинс­кий, Галия Измаилова, Павель Беньков шулар жумласидан. Кинематография агентлиги директори маҳалла ҳақида “Ёр-ёр” фильмига ўхшаш бадиий фильм суратга олишимни таклиф қилди. Мен агар фильм яратадиган бўлсам фақат Самарқандда суратга олишимни айтдим. Гарчи Тошкентда туғилган бўлсам-да, Самарқанд ўзининг қадимийлиги, анъаналарининг сақланиб қолганлиги билан мени ўзига маҳлиё этади. Бу шаҳарнинг ўз юзи бор, сири бор. Рост, бу ерда эски маҳаллаларни, юзида табассум билан сизга салом берадиган болаларни, кўмагини аямайдиган халқни, эрта тонгдан эшигини очиб қўядиган хонадонларни ҳали ҳам учратасиз.

Бундан 55 йил олдин ишланган, халқимиз севиб томоша қиладиган “Ёр-ёр” фильмининг иккинчисини олиш қийин. Чунки актёрлардан фақатгина Бахтиёр Ихтиёров бор. Ўйлаб кўриб, Самарқанд маҳаллалари, халқининг турмуш тарзи, оқсоқоллар, тўйлари ҳақида “Самарқандда қовун таровати” сценарийсини 3 ой давомида ёздим. Чунки маҳалла – бу Ўзбекис­тоннинг юзи.

- Фильмнинг номидан Самарқанд қовунлари ҳақидами, деган хаёлга борасиз, аммо фильм маҳаллалар ҳақида экан...

- Қовунни нима учун қўшдим. Бу сюжетга боғланган. Фильм Асқар отанинг велосипедда бозордан чиқиши билан бошланади. У велосипед багажида бозордан сотиб олган қишки қовун билан уйга кетаётганида чет эллик сайёҳларни олиб юрган таржимон йигит уни кўриб, хурсандчилик билан таништиради. “Бу менинг ўқитувчим, Асқар ота”, дейди. Шунда сайёҳлардан бири ёқимли таралаётган қовун тароватидан сармаст бўлиб, унинг нималигини сўрайди. Асқар ота қишки қовун эканлигини айтади. Унинг таровати сайёҳларни-да маҳлиё этганди.

Кейин фильм ўртасида қовуннинг тиликлаб сотилаётган жараёни кўрсатилади. Одамлар келиб, мазасини татиб, бободеҳқондан миннатдорлигини изҳор этади. Бу ҳам ўзбек халқининг анъанаси.

Учинчи лавҳада Асқар отанинг дўс­ти касал бўлиб қолади, иссиғи чиқиб уйи­да ётади. Хабарлашганда дўсти Асқар отага келмаслигини тайинлайди – «овора бўлманг», дейди. Аммо Асқар ота битта қовун кўтариб, дўстини кўришга боради.  Кириши биланоқ дўсти қовун тароватидан чеҳраси ёришади. “Вой бунинг ҳидини”, дейди. Шунда Асқар ота: “Кўряпсанми, сен ҳид биляпсан. Қани, таътиб кўр-чи”, дейди. Дўсти татиб кўриб, қовуннинг таъми тилни ёришини айтади. “Демак, таъмни сезяпсан. Сен касал эмассан”,  дея дўстини оёққа турғазади. Мана шу саҳналар асосида фильм номи келиб чиқди. “Самарқандда қовун таровати”. Умуман, Ўзбекис­тоннинг ҳар бир бурчагида етиштирилган қовунларнинг таровати ўзгача.

- Суратга олиш жараёнлари ҳақида гапириб берсангиз...

- Бу фильм маҳаллалар фаолияти, одамларнинг турмуш тарзи, кўп миллатли маҳаллаларнинг тотувлиги ҳақида. Воқеалар кекса ўқитувчи, маҳаллада ўз сўзига эга Асқар ота билан боғлиқ. Биз Амир Темур мақбараси атрофи, Бибихоним маҳаллаларида, Регистон, Тошкент кўчасида, Сиёб бозорида суратга олиш ишларини олиб бордик. Маҳаллада ўтаётган йиғилишнинг ўзида  ўзбек, тожик, рус, яҳудий, лўли каби миллатларнинг тотувлигини кўрсатдик. Йиғилишда рус миллатига мансуб аёл ўзбек тилида гапиради.

Ургутнинг Қайнарбулоқ маҳалласида тўй саҳналарини тасвирга олдик. Бутун қишлоқ тўйга келди. Ушбу кадрда маҳалладаги ҳақиқий тўй жараёнини кўрсангиз бўлади. Ургут ҳавосининг тозалиги, табиатининг ўзига хослиги бизни мафтун этгани рост. Тўйда Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдул­лаева “Ёр-Ёр” фильмидаги қўшиқни янгича талқинда ижро этади. Эски фильмдан шуни олдим. Жуда ажойиб ижро бўлди. Миллий удумларимиз ҳам ёддан чиқмади. Келин-куёвни кутиб олиш саҳналари ҳам киритилди. Маҳалладаги муаммолар ҳам фильмда кўрсатилди.

Қачон Самарқандга келсам, болалар саломини аямайди. Буни ҳам кинога қўшдим. Шу билан бирга Бахтиёр Ихтиёров учун ҳам битта образ яратдим. Бой одам ҳам яхшилигини, қўли очиқлигини, унинг ҳам ички кечинмалари борлигини актёр ажойиб талқин қилди. Чунки одамлар қачонки ўзига тўқ яшаса, жамият ҳам бой бўлади. Бу фильм 2021 йилнинг ҳужжати бўлади. Юз йилдан кейин ҳам томошабин мана, қанақа одамлар яшаганини, бир-бирини ҳурмат қилганини, урф-одатларимизни, керак бўлса, коронавирус билан курашаётган халқни, шундай вазиятда ҳам одамларнинг меҳр-оқибати кучли бўлганини кўради.

Мазкур фильм Самарқандда яшовчи Асқар ота ҳақида бўлиб, у ўзгаларга ёрдам берувчи меҳрибон инсон. Маҳаллада ҳам катта обрў қозонган. Кимда қандайдир муаммо бўлса, Асқар отага мурожаат қилади. Фильмда яна Тоҳир ва Зуҳра, Равшан ва Лола каби севишганларнинг тақдири кўрсатилади. Фильмнинг барча воқеалари Самарқандда бўлиб ўтади.

Фильм премьераси мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида бўлиши режалаштирилган.

Насиба Жонтўраева суҳбатлашди.