Ақли “дониш” бобожоним!
Ҳаво иссиқ. 73 ёшли Шоди бобо қайрағоч соясидаги тўшакда чалқанча ётганича сигарета чекиб, унинг дудини ҳавога пуфламоқда. Нафақаси ҳам ҳамин қадар, жони ҳузурда. Нима қилсин, гоҳо зерикканида чилим «сўриб» ҳордиқ оладида. Китоб ўқишга тоқати йўқ. Ичи қизиб, диқланиб кетармиш. 30 йил ҳисобчилик қилган, қўлига кетмон тугул ақалли теша ушламаган. Қора меҳнат деса, этлари эшканлаб кетади. 16 невараси бор, ана шуларга ҳар куни ҳеч бўлмаганда ярим соат ахлоқ-одобдан панд ўқиб туради. Буям эрмакда, қариганда. Зерикиб маҳалла чойхонасига чиқсанг, ғийбатдан бошқа ҳемириям йўқ.
Эй воҳ, шу чоғ денг, дилини сезгандек ёнига мактабдан қайтгач, уч невараси келиб қолди. Оҳ-оҳ-оҳ! Болагинамнинг боласи, қанддек ўрикнинг донаси.
Аммо ҳозирги ўриклар донаси қанддек эмас, талх, кўпи аччиқ. Чунки ўқиган, маҳмадона, гап қайтаради. Мана, қаранг…
- Бобожон, ахир кечагина ўзингиз сигарета чекманглар асло, кашандалик одамни касаллантириб ўлдиради, дегандингиз. Мана, ўзингиз чекяпсиз-ку?!
- Эй, хомкалла, қачон айтдим бу гапни?..
- Кеча, шу пайт. Биз мактабдан қайтган чоғимиз.
- Ўв, ландавур, нодон, ақлинг жойида эмасга ўхшайди. Баҳойинг «2» бугун! Ахир мен сигарета эмас, сигаретанинг дуди одамни касаллантириб, ўлдиради дегандим-ку! Биласанми, тиббиётда сигарета чекаётган одамдан кўра, унинг ёнидаги шу ҳидни ҳидлаётган одам, айниқса, болалар юз карра кўпроқ заҳарланади, деган огоҳнома бор. Биласанми шуни? Ву-ўт, билмайсан! Мен ана шуни назарда тутгандим, хомкалла, чилимбош! Энди тушундингми?
- Ҳа, тушундим, бобо.
- Ҳе-ҳе-ҳе… ютқаздинг! Бор унда музлаткичда турган «чешский» пивомдан бир шишасини олиб кел.
- Мана пивонгиз, бобо. Айтинг-чи, пиво ҳам арақми?
- Ҳммм, пивоми? Пивони ярим арақ деса ҳам бўлади. Чунки қуввати арақдан анча кам.
- Пиво ҳам одамни маст қиладими, бобо?
- Албатта, маст қилади.
- Бобо, пиво яхшими ёки арақми?
- Икковиям яхши. Кимга қандоқда. Биров пивони хуш кўрса, бошқа биров арақни ёқтиради. Бу одамнинг таъбига боғлиқ.
- Сиз у куни арақ ичишни худо ман қилган, у макруҳ, ҳалол эмас, дегандингиз. Айтинг-чи, қайси бири ҳалол, пивоми ёки арақми?
- Пиво ҳалол! Чунки у одамзод учун ҳам озуқа-овқат, ҳам шифо. Табиблар пиво орқали ошқозон ҳамда жигар касалликларини даволашади. Пивонинг берадиган кайфу ҳузурига гап йўқ… Қоқ миядан уради, қисталоқ.
Шунинг учун ҳам шифобахшки, у тоза буғдой ва камёб доривор гиёҳлардан тайёрланган бўлади.
- Пивони қанча ичиш мумкин, бобо?
- Кўнгил тортганича. Заиф одам унинг 3 шишаси билан «қулайди», яна биров, масалан, мен 10 шиша тоза пиво билан қуласам керак.
Менга қара бола, қулоғингга айтай, пиво ориқ одамларни семиртиради. Ҳе-ҳе-ҳе...
Муродим УМРЗОҚОВ.