Ақлли шаҳар нимаси билан фарқланади?
“Smart city” - ақлли шаҳар дегани. Унинг бундай номланишига сабаб энг сўнгги инновацион технологиялардан андаза олинганидир. Бунда барча компонентлар ўз ўрнида бир-бири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳудуд видеокузатув орқали тўлиқ қўриқланади ва ягона бошқарув марказидан бошқарилади. Шаҳарчага киришда қўриқлаш хизмати фаолият кўрсатади ва доимий кузатув камералари ўрнатилади.
Бу ҳақда вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун Самарқанд шаҳридаги “Humo Smart city” ақлли шаҳар турар жой маскани бўйлаб ташкил этилган пресс-турда батафсил маълумот берилди.
Дастлаб 10 мингдан ортиқ аҳоли яшашга мўлжалланган ақлли шаҳарнинг қурилиш ишлари кўздан кечирилди.
- 2019 йилнинг ноябрь ойида “Humo Smart city” юқори қулайликдаги замонавий ақлли шаҳарча қурилишини бошладик, - дейди “Нурли келажак ишонч сервис” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Акбарали Қаюмов. - “Humo Smart city”нинг қурилиши уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 2022 йил март ойида, иккинчи босқич 2022 йил сентябрь ойида ва учинчи босқич 2023 йилнинг учинчи чорагида ниҳоясига етказилади.
Айни вақтда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўйича қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Бугунги кунгача 384 та хонадонни ўз ичига олган 8 та саккиз қаватли турар жой бинолари қурилиши якунланиш арафасида турибди ва 2022 йилнинг март ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида хусусий мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаб, (100 ўринли) аёллар маркази, 17 та кўп қаватли турар жой биноларини топшириш ҳамда учинчи босқичда 9 та кўп қаватли турар жой биноси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 70 та оила истиқомат қилишга мўлжалланган “таунхаус”лар ва аҳолига турли хизмат кўрсатадиган қулай инфратузилмани яратиш кўзда тутилган.
Ушбу мажмуанинг умумий майдони 12 гектар, лойиҳа қиймати эса 720 миллиард сўмни ташқил этади. “Humo Smart city”даги умумий турар жойлар сони 34 тани, шундан 16 та 8 қаватли, 2 та 9 қаватли 1 та 12 қаватли, 4 та 15 қаватли, 8 та 16 қаватли, 1 та 20 қаватли, 2 та 25 қаватли ва 1 та 35 қаватли турар жой бинолари бўлиб, аҳоли яшаш хонадонлари сони 2 минг 542 тадан иборат. Шунингдек, шаҳарча ҳудудидан 70 та оила истиқомат қилишига мўлжалланган ҳар бири 200 метр квадратдан иборат ҳовлилар ҳам ўрин олган.
- Шаҳарчада аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган 25 та объект мавжуд, - дейди “Humo Smart city” шаҳарчаси ижрочи директори Карим Сафаров. - Жумладан, бир кунда 2500 ўқувчи ўқийдиган замонавий умумтаълим мактаби биноси, 800 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси, меҳмонхона, савдо мажмуаси, стоматология, тиббий марказ, универсал спорт ўйингоҳи, очиқ ва ёпиқ болалар майдончалари, 1000 ўринга мўлжалланган кўп тармоқли аёллар маркази, 1760 та ер ости ва 780 та ер усти жами 2540 дан ортиқ автомобиль жойлашадиган автотураргоҳлар ўрин олган.
“Humo Smart city”нинг афзаллиги шундаки, муҳандислик коммуникация тармоқларининг туннел орқали ўтказилишидир. Шаҳарча ҳудудида 1100 метр узунликдаги эни 2 метр 70 сантиметрни, баландлиги 2 метр 10 сантиметрни ташкил қилувчи туннел қурилиб, барча муҳандислик коммуникация тармоқлари туннел орқали ўтади. Бу эса шаҳарчадаги кўча ва хиёбонларнинг ноўрин бузилишининг олдини олиб, коммуникация тармоқларидаги носозликларни бартараф этишни таъминлайди.
Шаҳарчадаги биноларининг ташқи эшик ва ромлари юқори сифатли термопласт профилдан бўлиб, бу ҳарорат тежамкорлигини тўлиқ таъминлайди. Хоналардаги ички эшикларнинг дизайни, мустаҳкамлиги юқори бўлиб, Россияда ишлаб чиқарилган сифатли "МДФ" материалидан тайёрланган.
Биноларга бир тонна юк кўтарадиган ёки 10 кишини юқорига олиб чиқадиган замонавий лифтлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, турар жой масканида 43 та хона савдо-сотиқ, маиший жиҳозлар ва офисларга мўлжалланган. Шаҳарда 10 дан ортиқ озиқ-овқат, мини-маркет ва фаст-фуд (бир зумда) дўконлари ўрин олган.
Фазлиддин Рўзибоев.