АҚШ сенаторлари Пентагондан Украинага Ф-16 самолётларини юборишни талаб қилмоқда
Республикачилар ва Демократик партиялардан бўлган америкалик сенаторлар Пентагондан Украинага Ф -16 қирувчи самолётларини юборишни талаб қилишди.
Американинг икки партиявий гуруҳи Мудофаа вазири Ллойд Остинга мактуб йўллаб, уни Киевга самолёт жўнатиш имкониятини ўрганишга чақирди. Сиёсатчиларга кўра, Россия ва Украина ўртасидаги можаро «ҳозир муҳим босқичда».
Сенаторлар Остиндан ҳафта охиригача Ф-16 ни Украинага муваффақиятли топшириш учун зарур бўлган турли омилларни баҳолашни сўрашди. Сиёсатчиларни Ф-16 самолётларининг можарога қандай таъсири ва украиналик учувчилар бу самолётларни бошқаришни қанчалик тез ўрганиши қизиқтиради.
Аввалроқ Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби АҚШ расмийлари украиналик Ф-16 қирувчи учувчиларини тайёрлашни режалаштирмаганини маълум қилганди. «Энди бизда Ф-16 учиш учун украиналик учувчиларни ўргатиш режаларимиз йўқ», деган у ва Вашингтоннинг энг муҳим вазифаси Украинага самолётлар эмас, балки зирҳли техника, артиллерия, снарядлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини юбориш эканлигини қўшимча қилган.