АҚШда коронавирус инфекцияси билан касалланган болалар сони маълум қилинди
АҚШда коронавирус эпидемияси бошланганидан буён 500 мингдан ортиқ ёш бола янги турдаги коронавирус инфекцияси билан касалланди. Бу ҳақда Америка педиатрлар академияси (ААР) чоп этган маълумотда хабар қилинди.
Ташкилот ўз ҳисоботида 2020 йил 3 сентябрь ҳолатига қадар, болалар ўртасида коронавирус ҳолатларини ўрганиш натижаларини тақдим этди. Мутахассислар мамлакатнинг 49 штати соғлиқни сақлаш департаментлари юборган турли ёшдаги касалланган болалар ҳақидаги маълумотларни йиғди. Техас штати маълумотлари рўйхатга киритилмади.
“Болаларнинг COVID-19 билан касалланиш ҳолатининг умумий сони 513 415 нафарни ташкил этган. Бу барча касалланиш ҳолатларининг 9,8 фоизи”, дейилган матнда.
Мутахассислар 100 минг болага 680 нафар касалланиш ҳолати тўғри келаётганини таъкидлашди. 20 августдан 3 сентябргача бўлган вақт оралиғида болалар орасида 70 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган.