Ақтобеда ичида 53 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус тўхтаб қолди

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси 2020 йил 12 январь куни “Самара-Чимкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва ичида 53 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус Ақтобе вилояти ҳудудида техник носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар берди.

13 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да автобус таъмир ишлари якунлангач, маршрут бўйича ҳаракатланишда давом этди.

Бош консулхона, шунингдек, 13 январь куни “Ақтобе – Оренбург” трассасида йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани, натижада воқеа жойида ҳайдовчи, Ўзбекистон фуқароси Э.М. ҳалок бўлгани, яна бир ватандошимиз И.К. турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ҳам хабар берди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Қозоғистоннинг тегишли органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қиш мавсумида Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.