Арчалар нега қувраяпти?
- Кўча бўйларига арча эккандик, негадир қувраб қоляпти. Бу касалликми ёки сувсизликдан шундай бўладими? Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
А.Зокиров,
Самарқанд тумани.
- Бу саволни бугунги кунда кўпчилик йўлламоқда. Чунки бу бор гап.
Игна баргли ўсимликларда ҳар йили апрель-май ойларида кузатиладиган “Арча унсимон қурти” тушиши натижасида ўсимлик қувраб бошлайди. Зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади ва улар барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Бу зараркунанда аниқланган жойдаги арчани бошқа жойга кўчириш мумкин эмас. Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиш шарт.
Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш) лозим. Кимёвий препаратлардан “Би-58”, “Багира” ва “Атилла”дан фойдаланиш тавсия қилинади. Ушбу препаратларни зараркунандаларнинг пайдо бўлиши билан биринчи ишлов ўтказилади ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн беш кунда кимёвий ишлов бериш керак.
Дарвоқе, инспекциямиз вилоят ҳудудидаги йўл бўйлари, ўрмон хўжаликлари ва бошқа яшил майдонларда парвариш қилинаётган игна баргли, манзарали дарахт ва буталарга катта зарар етказаётган “Арча унсимон қурти”га қарши курашиш бўйича “Долзарб ўн беш кунлик” эълон қилиниб, тадбирлар ўтказилмоқда.
Саволга вилоят “Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси” ахборот хизмати раҳбари Акрам Фозилов жавоб берди.