Арча безатишни кимлар бошлаган?
Янги йил байрамида арча безашни ҳозир айримлар зўр бериб насронийлик билан боғлашга уринаётган бўлса-да, аслида бунинг насронийликка ҳеч қандай алоқаси йўқ!
Эътибор берсангиз, арча насронийлик юзага келган Фаластинда ҳам, Мисрда ҳам ўсмайди. Ўрта Ер денгизи атрофида яшаган биринчи насронийлар (христианлар) оқ айиқ ёки кенгуруни кўра олмагани сингари арчани кўришлари мумкин бўлмаган.
Қадимги туркларда арча уч бурчак шаклида доимо яратувчи саналган Кўк Тенгри макони – Осмонга ишора қилувчи қутлуғ оғоч (дарахт) саналган. Турклар уч минг йиллар аввал ҳам Сибир, Олтой атрофида арчага бағишлаб байрамлар ўтказишган, уни уйга “таклиф” қилиб, турли нарса-матолар билан безатган, атрофида чироқлар ёққан, рақсга тушган. Ҳанузга қадар сақланиб қолган урф – зиёратга борилган жойдаги дарахтга рангли ип боғлаш одати шундан қолган.
Туркларнинг “қор бобо”си ҳам бўлган. Аёз бобо дейилган оқсоқолнинг қадимги варианти оқ соқоли оёғига тушиб турадиган Улкан бобо кўринишида эди.
Руслар “ёлка” деган арча асли “ел” дарахтидир. Аҳамиятлиси, унга ўхшаш садр ёки қарағай (кедр, сосна) бу байрамга алоқасиз, деб ҳисобланади. Бу термин нафақат туркча “эл” (халқ)ни, балки кўкка интилган “йўл”ни ҳам англатади.
25 декабрь куни қадимги турклар ёз ва қиш мунозарасининг ёз фойдасига ўзгарганини нишонлаб байрам қилишган ва улкан арча атрофида айланишган (бошингдан айланайин, айланай тушунчалари шундан қолган). Арча атрофида айланиб “каравай-каравай” айтилдиган русча маросим қўшиғида асли шу туркча одатнинг сақланиб қолганлигини кўриш мумкин.
Эркин Мусурмонов,
СамДУ профессори.