Ариқни тўсиб, ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар туфайли кўчалар, хонадонларни сув босяпти

Жорий йилнинг 22 март куни «SamTVR» каналида «Шу йилнинг 20 март куни кучли ёмғир ёғиши оқибати Самарқанддаги айрим кўчаларни сув босди» сарлавҳаси остида видеолавҳа эълон қилинган эди.

Ўтган йилнинг май ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судига даъво аризалари билан мурожаат қилинган. Мурожаатда шаҳарнинг Термиз, Муқимий ва Муллақандов кўчаларидан оқиб ўтувчи «Чашма» каналининг ҳар қирғоғидан 10 метрлик муҳофаза минтақаси белгиланган бўлса-да, шу ҳудудда яшовчи қатор хонадон эгалари ушбу канал ҳамда унинг коллектор-дренаж тармоқларининг муҳофаза зоналарида ўзбошимчалик билан, ноқонуний бино-иншоотлар қуриб олганликлари, бу эса канал бўйида тозалаш ва ободошлаштириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ҳудуд ва канал чиқиндиларга тўлиб, ёғингарчилик мавсумида фуқароларнинг уй-жойлари ҳамда шаҳар кўчалари сув босишига сабаб бўлаётганлиги билдирилган. Ушбу ноқонуний қурилмаларни буздириш ва муҳофаза минтақасининг ер майдонини очиб бериш ҳақида қарор чиқаришни сўраган.

Шаҳар ҳокимлигининг даъво аризалари фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан қаноатлантирилиб, ушбу ноқонуний қурилмаларни жавобгарлар ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган.

Суд қарорлари асосида чиқарилган ижро ҳужжатлари 2019 йилнинг июль ва август ойларида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимига келиб тушган ва ижро тадбирлари ташкил қилинган.

Ижро ҳаракатлари давомида ҳар бир жавобгар ва уларнинг вакиллари билан тушунтириш ишлари ўтказилган, уларга ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий равишда бузиб ташлаш ҳамда муҳофаза зонаси ер майдонини тозалаш учун муддат берилган.

Бироқ ушбу шахслар ўз манфаатларини қонун талабларидан устун қўйиб, суд қарорлари ва давлат органлари талабларига, ўз маҳалладошларининг арзларига эътиборсизлик билан қараб келганликлари оқибатида 2020 йил 20 март куни бўлиб ўтган ёғингарчилик вақтида шу атрофдаги кўчаларни ва қатор хонадонларни сув босган.

Суд қарори талабларини берилган ихтиёрий муддатда бажармаган Термиз кўчасининг 1-йўлагида яшовчи яшовчи О.С. ва И.С.лар, Муллақандов кўчасида яшовчи Ж.К., Муқимий 1-берк кўчада яшовчи Л.Б. ва И.А.лар томонидан «Чашма» каналининг муҳофаза ҳудудида ўзбошимчалик билан, ноқонуний равишда қуриб олинган бино-иншоотлар 2020 йил 23 март куни Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари ҳамда мутахассислар иштирокида мажбурий тартибда бузилди.

Ҳозирги кунда канал муҳофаза зонасида Термиз кўчаси, 1-йўлакда яшовчи С.М. ва М.Я., Муллақандов кўчасида яшовчи Л.Б. ҳамда Муқимий 1-берк кўчада яшовчи Л.Ў. томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қуриб олинган бино-иншоотларни бузиш ва канал бўйидаги ер майдонини очиб бериш борасида мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилмоқда.

Баҳор ойлари серёғин келиши кутилмоқда. Бу эса турли кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Кеча ёққан кучли ёмғир кўпчиликка оғир синов бўлди. Сув йўли сунъий ёпиб қўйилиши оқибатида тўпланган сув ҳовлиларга кириб, йўлларни яроқсиз аҳволга келтирди.

Шу боис хонадонингиз яқинидан ўтган канал, ариқлар ва бошқа сув йўлларини тўсмасликни, уларнинг ёнида, ариқлар устида турли ноқонуний қурилишлар олиб бормасликни илтимос қиламиз.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.