Аскарлар Ватанга қасамёд қилди
Самарқанд гарнизонидаги Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг "Ватанга қасамёд" тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ф.Зиябоев, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Самарқанд вилояти минтақавий бўлинмаси аъзолари, аскарларнинг ота-оналар ва яқинлари иштирок этди.
Қасамёд қабул қилган ҳар бир аскар - Ватан ҳимоячисига Президент совғаси топширилди.
Шунингдек, намунали хизматни бошлаган аскарларнинг ота-оналарига Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ташаккурномаси берилди.
- Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият, деб биладиган йигит учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш, аҳд-паймон қилиш маросимидир, — деди Эркинжон Турдимов. - Ўйлайманки, бугун Ватанга қасамёд қилаётган йигитлар юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги учун мардона хизмат қилади.
Тантанали тадбир ҳарбий оркестр жамоаси, вилоят драма театри ижодкорларининг тарихий сиймолар ҳақидаги саҳна кўринишлари, ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қўл жанги ва фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари билан давом этди.