Австрияда COVID-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланди

Австрия канцлери Себастьян Курц мамлакатда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Австрия нашриёти агентлиги маълум қилди.

“Икки ҳафта илгари бир кеча-кундузда 350 нафар янги касалланиш ҳолатлари қайд этилаётган эди, кеча бу кўрсаткич 850 нафардан ошиб кетди. Айниқса, Венада вазият оғир. У ерда бутун Австрия бўйлаб янги касалланганларнинг 50 фоизи қайд этилган. Яқин кунларда бир кеча-кундуздаги минг нафар касалланиш ҳолати кўрсаткичига етамиз”, деди Курц куз ва қиш фасллари оғир ўтишини алоҳида таъкидлаб.

Шу муносабат билан канцлер Австрия аҳолисини инфекция тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига риоя этишга чақирди. “Энди барчамизни баҳор ойларида кўрсатган интизом ва огоҳлик билан келгуси ойларнинг қийинчиликларини енгишга чақираман”, деб нутқига якун ясади канцлер.