Автобусларни ювиш керакми? Ёхуд йўловчи илтимоси: "Янаям эскироқ автобус йўқми?"
"Самарқанд шаҳридаги автобус ва таксилар хизматидан кўнглингиз тўляптими? Транспорт хизмати сифатини яхшилаш учун қандай таклифингиз бор?" 15 январь куни шу саволлар билан газетамизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ижтимоий сўров ўтказдик. (Ушбу масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси кун тартибига киритилади). Бир кун ичида 77 киши ўз муносабатини билдирган бўлса, 58 киши сўровномага турлича жавоб қайтарган. Муносабатлар ҳамон билдирилмоқда.
Жумладан, сўровда қатнашганларнинг 58 фоиз "Шахсан менга маъқул эмас", 34 фоизи "Хизмат ҳақи қиммат", 8 фоизи иштирокчи "Ҳар ҳолда маъқул" жавобини белгилаган. Фейсбук каналимиз орқали кўплаб муштарийлар ҳам ушбу мавзуга ўз муносабатини ёзди.
Мисол учун, бир қатор фойдаланувчилар жамоат транспортида озодаликка эътибор йўқлигини таъкидлаган.
Қуйида айрим фойдаланувчиларнинг изоҳларини айнан келтирамиз:
Gavhar Temirova: Автобуслар эрталаб соат 6 дан кеч соат 23 гача қатнаса яхши бўларди. Таксилар 4 минг сўм – қиммат бу. Янги қурилаётган уйларга ҳам автобус қатнови қўйилса.
Зафар Дусанов: 1. Айрим йўналишларда автобус кам қўйилган. Шу сабаб тиғиз пайтда, иш ва ўқишга шошаётган вақтда автобусда тирбандлик пайдо бўлади. Ҳеч бўлмаса эрталаб ва кечқурун қатнов оралиғини қисқартириш керак. Одам кўп йўналишларда автобуслар сонини ошириш керак.
- Таксилар нархи 3000 сўмдан 4000 сўмга ошди. Тушириш керак. Ҳайдовчилар бунинг сабабини "путёвка" қиммат деб изоҳлаяпти. "Путёвка" нархи тушса, йўл ҳақи ҳам тушса, керак деб ўйлайман.
- Кондукторлар кўпинча ўзидан билиб 100 сўмлик қайтармайди. Шу сабабли 100, 200 сўмлик купюраларни кўпроқ бериш керак уларга.
Джалил Багиров: Ҳазора автостанциясида 66, 32, 16-автобуслар 20 дақилалаб туришади. Одамлар тиқилинч бўлмагунича жойидан қўзғалмайди. 66-йўналишли автобуслар бир-бирини қувиб ўтади. "Дамас"ларни яна қонуний маршруткага айлантиришса зўр бўларди.
Zulfiya Bekmuratova: Туманларга қатнайдиган автобусларнинг аҳволини кўринглар. Ундан ташқари, йўл нархларини. Одам кўп бўлиб қолса, нархи ҳам ошади. Хоҳлаган нархни айтади. Тушунамиз, автобуслар хусусий фирмаларга қарашли лекин нархлари бир хил бўлиши керак-ку.
Ёз ойларида газетамизда Самарқанд шаҳридаги жамоат транспортида совутиш муаммоси борлиги тилга олинганди. Сўровномада иштирок этган айрим фойдаланувчилар шу каби муаммоларни аччиқ кулги остига олган.
Yusuf Yakubov: Янаям эскироқ автобуслар йўқми, бўлса хурсанд бўлардик. Нархлариям жуда арзон, сал кўтаринглар, пенсионерлар дуо қиларди, илтимосимиз шу. Яна битта илтимос, ёзда автобусларни иситувчи печкаларини баландроқ ёқишсин, одамлар совуқ қотмаслиги учун…
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.