Ахборот берувчилар сессияга тайёргарлик кўриб келиши керак
Бугун, 29 январь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма биринчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.
Депутатлар сессия кун ва иш тартибини, котибни тасдиқладилар.
Омбудсман ҳуқуқий марказ очишни таклиф қилди
Дастлаб, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) минтақавий вакиллигининг 2020 йилда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Вакил – Ш.Сафаров 2020 йил давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда уларнинг аксарияти фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, хусусан, коммунал хизматлар, бошқарув идоралари ходимларининг ўз вазифалари ижросидаги сусткашликка оид бўлганини таъкидлади. Пандемия туфайли ёзма мурожаатлар (28 та) камайган бўлса-да ишонч телефони ва электрон манзиллар орқали (54 та) кўпайган. Мурожаатларнинг 6 таси меҳнат қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ бўлса, 4 таси таълим, 12 таси ижтимоий ҳимоя, 10 таси фуқаролик ҳуқуқлари, 13 таси уй-жой, 4 таси маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари, 38 таси турли масалаларга оид бўлган. Вакиллик экспертлари 6 марта вилоятимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳбуслар билан суҳбат ўтказган.
Ш.Сафаров аҳолининг қайси масалада қайси органга мурожаат қилиш, ўз ҳақ-ҳуқуқини сўраш юзасидан ҳуқуқий билимларини ошириш, уларга бу борада кўмак бериш учун ҳуқуқий марказ очиш таклифини билдирди.
Вакиллик ҳисоботи юзасидан депутатлар ўз савол ва таклифларини ҳам билдирди. Хусусан, минтақавий вакиллик фаолиятидан аҳолининг етарли даражада хабардор эмаслиги, бу борада оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланилмаётгани қайд этилди. Жумладан, ўтган бир йил давомида газеталарда бирорта ҳам мақола чоп этилмагани танқид қилинди.
Пайариқ тумани ва Самарқанд шаҳрининг имконияти бир хил эмас
Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Шакарбоевнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижалари тўғрисидаги ҳисоботида “қизил” (Пайариқ, Пахтачи ва Қўшработ), “сариқ” (Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Нарпай, Нуробод, Паст Дарғом, Тойлоқ, Ургут) ва “яшил” (Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Самарқанд) тоифага ажратилган туман, шаҳарларни ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, дастлабки статистик ҳисоботларга кўра, 2020 йил якуни билан вилоятнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларида ўсиш таъминланганлиги кузатилди. Аввалги йилга нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 2,3, истеъмол товарлари 15,4, ҳудудий саноат ҳажми 16, қишлоқ хўжалиги 3,1, капитал қўйилмалар 17,9, қурилиш-пудрат ишлари 9,9, чакана савдо айланмаси 7,3 ва жами хизматлар ҳажми 2,6 фоизга ўсган.
“Қизил” ҳудудга кирган шаҳар ва туманларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми Пахтачида 13,7 фоизга, Қўшработда 2,7, Пайариқда 9,6 фоизга ошгани кузатилди.
Мазкур ҳудудларда бошқа соҳалар бўйича ҳам ўсиш кўрсаткичлари қайд этилган. Худди шундай, “сариқ” ва “яшил” тоифадаги туман ва шаҳарларда пандемия шароити бўлишига қарамай, белгиланган режалар бажарилган.
– Албатта, ҳудудлар рейтингини белгилашнинг ўз мезонлари бор, лекин Қўшработ, Пайариқ ёки Пахтачи туманини Самарқанд шаҳри билан қиёслаш тўғри келмайди, – деди сессияда иштирок этган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов депутатларнинг саволларига жавоб бериб. – Агар бу туманларнинг табиий ва иқтисодий имкониятларини ўзига мос ҳудудлар билан таққосласак, юқори натижаларга эришганини кўриш мумкин. Шунинг учун биз рейтингни белгилашни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни бердик.
Сессияда Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусинов ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисида ҳисобот берди.
Д.Мусинов барча соҳа ва йўналишлар бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилга мўлжалланган лойиҳаларга батафсил шарҳ берди. Белгиланган режаларнинг амалга ошиши билан туман “қизил” ҳудуд тоифасидан чиқиб, барқарор ривожланаётган ҳудудлар қаторига киришини таъкидлади.
Депутатлар туман ҳокими ва сектор раҳбарларига саволлар билан мурожаат қилиб, ўз таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.
Аввало, касб-ҳунарга ўргатадиган уста топиш зарур
Кун тартибидаги навбатдаги масала – вилоятда 2020 йилга мўлжалланган бандлик дастури ижроси ҳамда бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш ҳамда жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг сарфланиши юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборовнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича, 2020 йилда “темир дафтар”га киритилган 3615 камбағал оилага шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қуриши, экин экишга уруғ ва кўчатлар суғориш воситаларини ҳарид қилиши учун 10,6 миллиард сўм субсидия берилган.
14 туманда фойдаланилмаётган 1163 гектар ер майдонида кооперативлар ташкил этилиб, 3396 нафар ишсиз фуқарога ер бўлиб берилган. Уларга 6123,5 миллион сўм субсидия маблағи берилди.
Бу йил вилоятда аҳолининг шахсий томорқасида бандлигини таъминлаш мақсадида иссиқхона қуриб бериш, уруғлик ва кўчат сотиб олиши, суғориш воситалари харид қилиши учун 977 нафар ишсиз фуқарога 4 миллиард 500 минг сўм миқдорида субсидия ажратиш режалаштирилган. 34 та ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этиб, уларга 871 нафар фуқарони аъзо сифатида бириктириш учун 2 миллиард 136 миллион сўм, 388 нафар фуқарони тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш учун 80 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилади.
И.Жабборов бугунги кунда фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида Самарқанд шаҳрида моно марказ ташкил этилаётгани, Каттақўрғон шаҳрида эса ўқув маркази иш бошлаганини таъкидлади. Бошқа туман ва шаҳарларда ҳам касб-ҳунар мактаблари қошида ўқув масканлари ташкил этилаётгани маълум қилинди. Бу масканларда ўқиган ишсиз фуқаролар касб-ҳунар ўрганиб, сертификат олади ва иш асосида хорижда ҳам меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятига эга бўлади.
Депутатлар касб-ҳунар коллежларининг аччиқ тажрибасидан келиб чиқиб, моно марказ ва ўқув марказларида касб-ҳунар ўргатиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш, аввало энг тажрибали усталарни топиб, уларга муносиб ҳақ тўлаган ҳолда ишга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаевнинг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти тингланди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак жамғармаси” маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Вилоят Кенгашининг бу галги сессиясида ҳам депутатлар фаол қатнашди. Ҳар бир масала, маърузачи чиқиши юзасидан ўз фикри, муносабати, ҳатто эътирозини билдирди. Хусусан, ҳисобот берувчилар томонидан тақдим этилган материалларидаги камчилик ва хатолар очиқ айтилди.
Ҳисобот ва ахборот берувчи масъулларнинг сессияга тайёргарлик кўриб келиши, сессия материалларининг мажлис пайтида эмас, бир неча кун аввал депутатларга берилиши ва аввал тегишли доимий комиссияда атрофлича муҳокама этилиши зарурлиги таъкидланди.
Дарвоқе, сессия регламентига риоя этилмагани ҳам қайд қилинди. Мажлис аввалида кун тартиби ва регламенти тасдиқланган бўлса-да, бунга амал қилинмади. Жумладан, маъруза учун 10 минут вақт ажратилиши белгилаб олинганига қарамай, аксарият ҳисобот берувчилар буни унутиб қўйди. Балки кейинги сессияларда бу жиҳатлар инобатга олинар.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.