Ахборот ва ҳисоботлар танқидий муҳокама қилинди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилган бу галги сессияда ҳам вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди. Турли соҳа ва тармоқлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари эшитилди.
Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзовнинг вилоятда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги чора-тадбирлар юзасидан ахбороти эшитилиб, ҳудудий дастур тасдиқланди.
Дастурда вилоятда тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали ходимлар билан таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Мирзабековнинг вилоятда инвестиция соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилда вилоятда давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 787 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ҳисобига 19428 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йилнинг биринчи чорагида умумий қиймати 204 миллиард сўмлик 89 та лойиҳа ишга туширилиб, 617 та янги иш ўрни яратилган.
– Инвестиция соҳасида янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд, – деди О.Мирзабеков. – Аксарият ҳолларда инфратузилма объектларининг ўз вақтида ташкил этилмаслиги оқибатида инвестиция лойиҳалари белгиланган муддатда ишга туширилмаяпти. Масалан, Пайариқ, Паст Дарғом ва Ургут туманларидаги кичик саноат зоналарини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш ишлари бугунги кунга қадар бажарилмаганлиги сабабли ушбу кичик саноат зоналарида яратилиши кўзда тутилган 455 тага яқин иш ўрни яратилмаяпти. Худди шундай, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да муҳандислик-коммуникация ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси яратиб берилмаганлиги натижасида ушбу ҳудудларда инвестиция лойиҳалари бошланмасдан қолмоқда.
Сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг вилоят учинчи секторидаги ижроси юзасидан ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов ҳисобот берди.
– Президент қарорига кўра, 2022 йил давомида вилоят учинчи сектори ҳудудида 53 та объектни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган, – деди Р.Маматов. – Ушбу объектларни қуриш учун 273 миллиард 627 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Объектларда ишнинг бориши ўрганилганда, қурилиш ишларида буюртмачининг техник назорати ҳамда лойиҳачининг муаллифлик назорати қониқарсиз аҳволда эканлиги, натижада объектларда қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланди. Масалан, Паст Дарғом туманида 23-умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлаш, Самарқанд туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш ишларида кўплаб камчиликлар аниқланди. Бу каби ҳолатлар Нуробод ва Ургут туманларидаги мактаблар қурилишида ҳам кузатилди.
Депутатлар қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилаётгани ва айрим қурилиш ташкилотларидаги эътиборсизлик, назоратсизлик ушбу ҳафтада вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида ҳам танқидий муҳокама этилганини таъкидлаб, мазкур ҳолатлар юзасидан қурилишга масъул ва назоратчи ташкилотлар раҳбарларидан изоҳ сўрадилар. Бу борада назоратни кучайтириш ва депутатлар ёрдамидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон тендер савдоларига ёлғон маълумотлар киритиб, ғолиб бўлган қурилиш ташкилотлари фаолиятини ўрганиш бўйича вазифалар белгиланди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг солиқ йиғилувчанлиги, маҳаллий бюджет прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, Самарқанд шаҳри, Ургут ва Иштихон туманлари, Жума ва Челак шаҳарчаларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо марказларида ноқонуний фаолият кўрсатиш, солиқдан қочиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишлар юзасидан ҳисоботи ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, биринчи чорак учун бюджет даромадларига 931,6 миллиард сўмлик тушум таъминланиб, прогноз кўрсаткичи 108,7 миллиард сўм ортиғи билан бажарилган. Вилоят маҳаллий бюджети даромадларига прогноз кўрсаткичидан 87,1 миллиард сўм ортиқ, яъни 790,7 миллиард сўмлик тушум таъминланган.
Аммо яширин иқтисодиётни қисқартириш ва бюджет даромадларни ошириш мақсадида ўтказилган камерал солиқ текширувлари ҳисобига 98,9 миллиард сўм манбалар аниқланиб, бюджетга ундирилди. Жумладан, 244 та қурилиш корхонаси 2 триллион 127 миллиард сўмлик бажарилган ишлар ҳажмини ҳисоботларга киритмагани қайд этилиб, 22,3 миллиард сўм миқдорида қўшимча солиқлар ҳисобланди.
Шунингдек, ўрганилган ҳудудлардаги бозорлар ва савдо комплексларида ҳам солиқ қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, камчиликлар бартараф этилди.
Сессияда ушбу йўналишда депутатлар томонидан вилоят ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида олиб борилган ўрганишлар ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилиб, қайд этилган камчиликлар юзасидан солиқ органлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан олиб борилаётган доимий назорат тадбирлари юзасидан Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси раҳбари О.Азимов ахборот берди.
Қайд этилишича, бош бошқарма томонидан Паст Дарғом ва Нуробод туманларида танлов асосида 2690 мижозга ажратилган 84,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар мониторинг қилинганда Паст Дарғом туманида 6 миллиард 510 миллион сўмлик 266 та ҳамда Нуробод туманида 540 миллион сўмлик 25 та имтиёзли кредит мақсадсиз сарфланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар банклар, ҳокимликлар, таъминотчи ва мижозлар иштирокида муҳокама этилиб, зарур чоралар кўрилган. Аммо шунга қарамай, бошқа ҳудудларда ҳам имтиёзли кредитлардан мақсадсиз фойдаланиш, кредитни ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. О.Азимов бу борада депутатлар ва жамоатчиликдан ёрдам сўради.
Депутатлар вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Ҳамроевнинг вилоятда транспорт хизматларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда белгиланадиган вазифалар тўғрисида ҳисоботини ҳам танқидий муҳокама қилди. Бугунги кунда вилоятда транспорт хизмати кўрсатиш, жумладан, жамоат транспортида кўплаб муаммолар борлиги таъкидланиб, раҳбардан изоҳ сўралди.
Сессияда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.