Ахборот хизматлари раҳбарлари ҳар уч йилда Агентликда аттестациядан ўтади

Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

 Унга кўра, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб болалар адабиётлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

 Қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида ОАВлар, ижтимоий тармоқлар, ушбу органларнинг веб-сайтлари, бошқа ахборот ресурслари орқали, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, ОАВларда ташкилот раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш кабилар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, матбуот марказлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматларининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

 Қарорга кўра ахборот хизматларига устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлганлар ишга олинади.

 Шунингдек,  ахборот хизматлари раҳбарлари:

- бир вақтнинг ўзида раҳбарнинг матбуот котиби ҳисобланади;

- ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра раҳбар ўринбосарига тенглаштирилади;

- Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосаси асосида лавозимга тайинланади;

- ҳар уч йилда Агентликда аттестациядан ўтади.

Қарорга мувофиқ:

- Агентликнинг давлат органларининг ахборот хизматларини мувофиқлаштириш бўлими негизида Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилиши;

- ҳудудлардаги ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаларида ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектори ташкил этилиши белгиланди.