Аёл «самосуд» қилиняпти: атрофдагиларнинг бари томошабин
Охирги пайтлар "самосуд" акс этган видеотасвирлар, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқаляпти, деб ёзмоқда human.uz. Бугун ҳам ижтимоий тармоқларда Ангренда 2-3 нафар аёлнинг оила бузилишига сабабчи бўлган дея айтилаётган аёлни калтаклаётган видеоси эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасига биноан фуқароларнинг конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Хавотирли томони шундаки, бу каби ҳолатлар борган сари бошқа-бошқа жойларда турлича содир этиляпти. Аслида, «самосуд»ни уюштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳатто, турмуш ўртоғини бегона аёл билан бирга юрганини кўрган аёлнинг ҳам. Тўғри, «Эр бермоқ—жон бермоқ» нақли бежиз айтилмаган. Аммо юқоридаги видеотасвирни кўриб, мутлақо бошқа фикр келади хаёлга. Ҳақиқатталаб «самосуд» қилаётган аёл эрини буткул ўзидан совутиб юборган бўлса-чи? Ахир, уйдан олинмаган меҳр, уйдан топилмаган ҳаловат, албатта, кўчадан изланади.
1948 йил 10 декабрда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 5-моддасида «Ҳеч ким азоб-уқубатга ёки ваҳшийларча инсонликка иснод бўлган ёки қадр-қимматини хўрлайдиган муомала ва жазога мустаҳиқ бўлмаслиги керак» дейилган. Шунингдек, 9-моддасида эса «Ҳеч ким ўзбошимчалик билан қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмас» жумласи мавжуд. Афсуски, «самосуд»лар болалар, ўсмирлар ва аёллар — жиноят устида «ушланганлар» сифатида қурбон бўлаяпти. Уларнинг устидан ўзича ҳукм чиқариш, турли йўллар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда жазолаш инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Фақат қонунгина шахсни жазога тортиши мумкин.
«Самосуд»ларнинг яна бир хатарли томони шундаки, у кўчада, бозорда хуллас одамлар гавжум жойларда содир этиляпти. Катталар қаторида ёш болалар ҳам бирдек томошабин экани, бу ҳодиса уларнинг дийдасини қотишига замин яратаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Агар бирор киши жиноятчи бўлса, унга қонуний тартибда жазо берилади. Дуч келган жойда, исталган кўринишда — уриш, сўкиш, тепкилаш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш орқали эмас! Бу нафақат жамият мезонларига тўғри келмайди, аксинча, инсоннинг ҳуқуқига, яшаш дахлсизлигига зид ҳисобланади.
Ўғирлик қилганликда, ёмон йўлга кириб қолганликда гумонланаётганларни айбдор деб топиш фақатгина суд ваколатига киради. Ҳар қандай жамиятда қонун-қоида асосида, тартиб-интизом устун бўлсагина умумий тотувлик ва бирдамликка эришиш мумкин. «Самосуд»лар кўпайгани сайин ана шу бирдамликка дарз кетади, тотувлик емирилади. Ҳар ким ўзича бир думалаб «закунчи»га айланиб олади. Оқибати эса бир қанча фожиалар билан тугайди. Ҳатто, охири ўлим билан якун топган «самосуд»лар йўқ эмас.
Айрим жамиятларда «самосуд»ларнинг «топ 10»таликлари санаб чиқилаётган бир пайтда бизнинг замонамизда бу иллатга бирданига нуқта қўйиш асло имконсиз. Одамлар ўртасидан оқибат кўтарилмаслиги, ишонч йўқолмаслиги, мурувват риштаси узилмаслиги учун янги йўллар излаш фурсати етди. Ахир, болани тарбияга чақиришнинг, аёлни тўғри йўлга бошлашнинг, эр йигитни ҳидоятга чорлашнинг минг бир хил усули бор.
Нормал ҳуқуқий жамият қурмоқчи эканмиз, жиноятга жазони ҳар ким эмас, балки ваколатли органлар тайинлаши шарт ва зарурлигини одамларимизга уқтира олишимиз керак.