Айрим спорт товарларини импорт қилишда бож тўловлари камайтирилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари, шу жумладан “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасида импорт қилинадиган спорт кийимлари ва анжомларига бож миқдорини камайтиришга оид масала кўзда тутилган.
Таъкидланишича, бугунги кунда айрим спорт кийимлари, профессионал спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналарини четдан олиб келишга эҳтиёж бор.
Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси билан Божхона кодексига тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида давлат ва нодавлат спорт-таълим ташкилоти томонидан хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт кийимлари ва экипировкалари ҳамда оёқ кийимлари, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари каби импорт қилинадиган товарларга маълум муддатда бож тўловларини камайтириш белгиланяпти.
Бу спортчиларимизнинг халқаро ареналарда юқори ўрин эгаллаши, бунинг учун муносиб тайёргарлик кўришларига замин бўлади.