"Баҳор қайта келаверади"

Бугун таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳмат таваллуд топган кун.

Ў.Раҳматов 1948 йил 15 мартда Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган.
Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик институтида таҳсил олган. Иш фаолиятини матбуот нашрларида бошлаган. Ҳозирда "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари бош муҳаррири.
1998 йилда “Шуҳрат” медалига ва 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.
Ўткир Раҳматнинг “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачуғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хоксор майса”, “Дилчироқ” каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.

***

БАҲОР
Баҳор қайта келаверади,
Илдизлар ҳам уйғонар такрор.
Чанг-ғуборни юваверади,
Ёмғир ёғмай қўймайди зинҳор.

Чақалоқнинг тамшанган лаби,
Меҳр аро излайди ором.
Унинг бахти гуллаб бир куни,
Шижоатин этажак инъом.

Кўзни юмиб очгунча фурсат,
Ўз ўрнини бермас ҳеч ёғду.
Кузда барглар тўкилса фақат,
Туғилади яна бир орзу.

Шамол тинмас, ноилож тақдир,
Олиб кетар ғамни ўксиниб.
Устун бўлган дунёда йўқдир,
Яшар ахир Ҳақга бўйсуниб.

Умид — орзу — ҳаёт маҳзани,
У ҳеч қачон бўлмайди барбод.
Гул-япроқдан безаб оламни,
Келаверар буюк бир авлод.

Баҳор яна келаверади…

***
ТОНГДА
— Дарахтлар, ой-юлдуздан
бошқа кимни кўрдингиз,
— Тун бўйи тик оёқда
нима қилиб турдингиз?
— Елкамизга миндириб
қушларни бирга ётдик,
— Чуғурлашиб энг аввал
тонгни бизлар уйғотдик!
— Кулаётган оппоқ тонг,
йўлинг пойлар қай инсон?
— Бахш этдинг сен кимга ризқ,
кимга эса бахт, имкон?
— Субҳидамда эшикда
мени интиқ кутганга,
— Садқа қилиб меҳрини
дўстларига тутганга!
— Оқаётган анҳор-эй,
кимни кўзинг йўл кўрди,
— Эрта тонгда, айтгин, ким,
сендан келиб ҳол сўрди?
— Севишганлар паришон
менга айтди тушини,
— Муродингга етгин деб,
тиладим бахт қушини!
— Нонни кўтариб бошга
очилган эй дастурхон,
— Атрофингга кимларни
сен ўтқаздинг ёнма-ён?
— Тўрт кўз тугал: ҳам ота,
ҳам она, ўғил-қизни,
— Офтобдайин тафти бор
“Ассалом” деган сўзни!
— Эркаланиб майсада
ором топган шудринглар,
— Саҳар чоғи бу ердан
ўтган кимни кўрдинглар?
— Сўнаётган юлдузлар
мўлтираган кўзларин,
— Сўнгра далага шошган
қишлоғингнинг қизларин!
***

Тупроқ,
Кипригинга ғуборлар қўниб,
Шўхлик қилиб юрар ҳамон саболар.
Сенинг қучоғингда туғилиб, униб,
Эртакка айланди момо, боболар.

Муқаддас руҳият,
Ҳар гардинг — китоб,
Варақ-варақ қўлда ўпиб ўқирлар.
Пойига ким сени топтаса шу тоб,
Билгинки,
Бу фақат нонкўр, сўқирлар!

Тупроқ,
Онажоним,
Отамсан боқсам,
Дарахту тоғ бўлиб адл тургандек.
Ҳидларинг маст этган айни субҳидам,
Булбулдай боғларда сайраб юргандек.

Бурро забонимнинг тафти сўнмагай,
Бу ҳаёт офтоби токи бор экан.
Сенинг дийдорингдан умр тўймагай,
Бисотим, борлиғим —
Эй, жоним Ватан!