Банк тизими коррупциядан холими?
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти тизимида 9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан аксилкоррупция ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик доирасида банкнинг вилоят бош бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Айтиш жоизки, бугун вилоятимизда мазкур банкка қарашли 5 та ҳудудий банк хизмати маркази ва 7 та банк хизмати офиси бўлиб, уларда 367 нафар раҳбар ва ходимлар фаолият юритмоқда. 1 декабрь ҳолатига улар томонидан 577 минг нафар мижозга банк хизматлари кўрсатилган. Шундан жисмоний шахслар 564877 нафарни ташкил этади.
— Банк мижозлари турли ёшдаги, ҳар хил мақсад ва истакларга эга бўлган инсонлардир, - дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят бош бошқармаси хавфсизлик режими ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бош мутахассиси Шерали Зиятов. – Уларнинг барчаси ҳам банкка соҳага оид қонунчиликдан хабардор ҳолатда келмайди. Шу боис мижозларга тўғри маълумот ва маслаҳат бериш, виждонан хизмат кўрсатиш ҳар бир ходимнинг олдига қўйиладиган асосий талабдир. Коррупция ҳолати нафақат уни содир этган ходим тақдири, балки бутун банк фаолиятига салбий таъсир қилади. Бунинг олдини олиш учун тизимда режали профилактик тадбирлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказиб келинмоқда.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ориф Муҳаммадиев, вилоят прокуратураси ходими Жаъфар Шаропов, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси мутахассиси Шохруҳ Шаҳобиддинов иштирок этиб, мавзу юзасидан фикр билдирди. Таъкидланганидек, бу иллат кеча ё бугун пайдо бўлгани йўқ, моддий ва бошқа манфаатлар бор жойда коррупцияга ҳам шароит топилади. Унга бефарқлик эса ҳам давлат, ҳам жамият манфаатларига зарар келтиради. Шу нуқтаи назардан, банк хизматида коррупциянинг олдини олиш ҳар томонлама муҳим аҳамият касб этади.
— Жорий йилнинг ўтган вақтида вилоят бўйича коррупциявий жиноятларни содир этган 257 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди, - дейди Жаъфар Шаропов. - Улар томонидан давлат манфаатларига 110 миллиард сўм зарар етказилган бўлиб, ҳозиргача шунинг 108 миллиард сўми ундирилган. Ачинарлиси, қонунбузарлар орасида вилоятимиздаги 7 та тижорат банкининг 41 нафар ходими ҳам бор. Кўрилаётган чораларга қарамай банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратиш жараёнида коррупциявий ҳаракатлар содир этилмоқда. Албатта, жиноят эртами-кечми фош бўлади. Фақат буни қонунни бузишдан олдин англашимиз керак.
Тадбирда баъзи ходимлар ўзи англамаган ҳолда иқтисодий жиноятларга аралашиб қолаётгани ҳам айтилди. Мутахассислар иштирокчиларга шундай ҳолатларнинг олдини олиш, коррупцияга олиб келувчи омилларни бартараф этиш юзасидан тушунчалар берди.