Бедарак йўқолган Жанубий Корея фуқароси Шимолий Кореяда отиб ташланган

Шимолий Корея чегараси яқинидаги сув ҳавзасида навбатчилик қилаётган вақтда бедарак йўқолган Жанубий Корея балиқчилик назорати ходими Шимолий Кореяда отиб ташланди. Бу ҳақда Жанубий Корея мудофаа вазирлиги таъкидлади.

Илгарироқ Ғарбий денгиз (Сариқ денгиз)даги балиқчилик назорати  котиби, 47 ёшли ходим 21 сентябрь куни тушдан кейин Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳудудий сув чегаралари ўтадиган Кичик Ёнпхён оролида, текширув кемасида навбатчилик қилаётган вақтда ғойиб бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди. Ҳамкасблари уни тушликка келмаганидан сўнг катердан йўқолиб қолганлигини маълум қилишди. Палубада эркакнинг фақатгина пойабзали қолган эди.

“Разведка маълумотларини синчковлик билан таҳлил қилиш натижасида ҳарбийлар Шимолий Кореяда сувдан топилган фуқаромиз отиб ташланиб танаси ёқиб юборилганини тасдиқлади. Биз Шимолий Кореянинг бундай ваҳшийлигини қатъий қоралаймиз ва вазиятга изоҳ берилиши ҳамда  айбдорлар жазоланишини талаб қиламиз. Содир бўлган воқеалар учун барча жавобгарлик Шимолий Корея бўйнида эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирамиз”, деб таъкидлади штаб бошлиқлари қўшма қўмондонлиги раҳбари Ан Ён Хо.