Беҳбудий ўз даврида ўзбек тилини давлат тили сифатида тан олиниши учун курашганмиди?
1918 йилда Беҳбудий тил масаласини янги маъмурлар олдига қўйиб, Туркистонда туркий тиллар ичида ўзига хос нуфузга эга бўлган ўзбек тили давлат тили сифатида тан олинишини таклиф қилади...
ХХ асрнинг биринчи чорагида фаолият кўрсатган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунаввар Қори, Ашурали Зоҳирий, Қаюм Рамазон, Шокиржон Раҳимий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ғози Олим, Маннон Рамз, Абдулла Йўлдош, Ёқуб Омон, Ваддуд Маҳмуд, Абдулла Авлоний, Санжар Сиддиқ, Шорасул Зуннун, Ҳошим, Боту, Элбек сингари зиёлиларимиз она тилимиз тараққиёти ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишган. Уларнинг тил маданияти ҳақидаги фикрлари нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам катта аҳамият касб этади.
Ана шундай жонкуяр зиёлилардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳисобланади. У жаҳонга ўзбек миллий маданияти, маорифи, тилини, урф-одати анъаналарининг нуфузини амалий ва илмий жиҳатдан тенгсизлигини ўз дарслик, дастур, монография ва мақолаларида зўр журъат ва шижоат билан кўрсата олган фан ва давлат арбоби эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий кишиларнинг тарихан ташкил топган барқарор бирлиги - Туркистонда яшовчи миллат ёки элатларнинг умумий фикр алмашиш ва мулоқот воситаси, муҳим ривожланиш омили бўлган тилларни тараққий қилдириш масаласига алоҳида эътибор берди.
Туркистонда туркий тилни расмий идора тили сифатида қабул қилиш зарурлиги хусусида 1908 йилда рус маъмурларига мурожаат этади. "Туркистоннинг мусулмон аҳолиси, - дейди муаллиф, - асосан туркийда сўзлашади. Жанубий туманларда эса юз мингга яқин форсийгўй аҳоли бор. Шунга қарамай улар ҳам туркий тилини яхши биладилар. Туркистонлилар ўртасида ташқи кўриниши, дини ва тилида фарқ йўқ...”.
Орадан ўн йил ўтгандан сўнг, яъни 1918 йилда Беҳбудий шу масалани янги маъмурлар олдига қўйиб, Туркистонда туркий тиллар ичида ўзига хос нуфузга эга бўлган ўзбек тили давлат тили сифатида тан олинишини таклиф қилади.
"Содда тил нима учун керак? - дейди Беҳбудий. - Атрофдаги қавму қариндоши билан сўзлашмоқ учун. Адабий ва илмий тил нима учун керак? Мавжуд илму фан ва тарихни билмоқ ва алардан фойдаланмоқ учун”.
Маҳмудхўжа Беҳбудий бир мақоласини "Икки эмас, тўрт тил лозим" деб атагани, "Тил масаласи" номли чиқишида эса дунёмизнинг илму фанидан хабардор бўлмоқ учун етти тилдан (яъни рус, немис, франсуз, инглиз, италян, араб, япон тилларидан) бирини билмоқ кераклигини уқтиргани бизга яхши маълум.
Шуни ҳам уқтирмоқ лозимки, баъзи кишилар Беҳбудийнинг тил хусусидаги қарашларини таҳлил этишда битта-иккита мақола шарҳи билан кифояланадилар. Холбуки, ҳазратнинг бу борадаги қарашлари ижодий меросининг катта қисмига сочилган ва уларни дур каби термоқ, сараламоқ керак.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзи муҳаррирлик қилган “Ойина” журнали ва “Самарқанд” газетасидаги мақолалар ўзбегу тожик тилларидан ташқари арабча, русчада ёзилиши мумкинлигини баён этади: “...ўз тириклигимиз учун алар хатини билмоқ зарур ва ҳадиси шариф далолатинча дастурлигиға жойи инкор бўлмаса керакдур”, дея фатво берган.
“Яна бир тил ва хат борки - дейди Беҳбудий бошқа бир ўринда - бутун олам анинг ила сўйлашур.Ул фаранси тили ва хатидур”. Бу билан Беҳбудий ёшларни хорижий тилларни ўрганишга даъват этади. Зарурат туғилганда ҳатто яҳудий тилини ўзлаштиришга шаърий йўл очиб бергани ёзади. Бу фикр асоссиз эмаслигини тасдиқлаш учун “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадис келтиради: “Жаноби пайғамбар ўз саҳобаларидан Зайд бин Собит(ға) яҳудий хатини ўқиб ўрганмоқға буюрган эканлар. Ва ул жаноб Умар ҳазрат Нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб, ҳазрат пайғамбарға яҳудийлардан келатурғон хатларни ўқуб берар эканлар”.
М.Беҳбудий мақолаларидан бирига “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар” деган ҳикматомуз ибора (“Ойина”, 1914, 35- сон)ни сарлавҳа қилиб қўяркан, фақат ғурурланиш, ифтихор ҳисси етишмаслигини, “фахр этмоқ” билан бирга тилнинг муҳофаза чораларини кўриш лозимлигини таъкидлайди. “Сайёҳат хотиралари”да бу борада яҳудийлардан ибрат олса арзишини баён этиб, “...ҳаммамиз эски яҳудий тили (иброний) ўқуймиз, - дейди суҳбатдошлардан бири. - Ман ўзим русчадан бошқа билмас эдим. Бир йилдан бери ҳафтада икки соат ибронийча ўқидим. Энди ибронийча ўқудим. Энди ибронийча сўйлайман, ёзаман.” Муаллиф ўша суҳбатдоши бошқа бир фаластин яҳудийси билан ибронийча сўзлашгани ва ”дунёдаги бутун яҳудийларнинг энди тили бирлашур” суюнганини таъкидлашни ҳам унутмайди. Яҳудийларнинг бундай суюниши билан кифояланмай, имкон бўлган ҳар бир вазиятдан фойдаланишни ҳам биладилар. “Адрнада, - дейди Беҳбудий, - катта раста ва чорсуларни кездим. Эллик-олтмиш дўконда зўрға бир мусулмон лавҳаси(вивескаси) кўрулуб, аксари “Юҳанна”, “Шолом”, “Ниқула”, “Ўрхайдмиюс” ва амсоли яҳудий исмларидур”.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тил хусусидаги қатор асарлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Масалан, “Китоб-ул атфол”(Болалар мактуби) асари ўз даврида бир неча марта нашр этилган эди. Бу китобга қирққа яқин форсий ва иншолардан намуналар киритилган. Шаҳодатнома ва бошқа иш юритишга доир ҳужжатлар ёзишни ўрганишдан таълим беради ҳамда намуналар келтиради. Волостнойхона, қозихонада ёзиладиган ҳужжатлар мана шу китоб орқали ўргатилган. Ёш ва катталарга мўлжалланган бу тўплам бугун ҳам Давлат тилида иш юритишда жуда қўл келади.
“Китоб-ул атфол” илк ўзбек мактаблари учун тузилган дарслик сифатидагина эмас, айни пайтда тил ёзув, маданиятимиз тараққиёти нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга моликлигини адабиётшунослар Б.Қосимов ва У.Долимов ҳам алоҳида таъкидлайди. “Пунктуациянинг бизда қачондан қўллангани ҳақида мутахассислар орасида ҳали ҳануз тортишувлар юради, деб ёзади улар. Инқилобгача у бўлган эмас, дегувчилар ҳам топилади. Баъзилар “Туркистон вилоятининг газети”да айрим тиниш белгилар ишлатилган, дейиш билан чекланадилар. Беҳбудий эса “Китоб-ул атфол”ида тиниш белгилар (“румуз”)нинг ўнтасини келтиради”.
Маҳмудхўжа Беҳбудий давр тилининг мураккаблигини, эски ўзбек адабий тили, умумтуркий тил ва ҳозирги ўзбек тилига хос бирликларнинг аралаш ҳолда қўлланишини ўз вақтида тўғри англай олди ва бундан тўғри хулоса чиқаради. У янги адабий тил вужудга келиши учун тил бирликларининг янгича муносабат касб этишига замин ҳозирлайди. Яъни, оғзаки сўзлашув тилига хос тил бирликларнинг адабий тилга киритилишига ҳаракат қилди. Бу билан адабий тил, бадиий, сўзлашув ва публицистик нутқларнинг синтезлашувига, яъни ягона адабий тил яратилишига маълум даражада ҳисса қўшди.
Муродқосим Абдиев,
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Самарқанд бўлинмаси раҳбари.