Беларус: Греция ҳаво қатновини ёпди, Литва ҳарбийлари чегарани тарк этишди

Беларуснинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайиши фонида Греция Беларусдан авиация парвозлари учун ҳаво ҳудудини ёпди ва мамлакатга парвозларни тақиқлади. Бу ҳақда чоршанба куни Грециянинг pentapostagma.gr. портали хабар берди.

Тегишли ҳужжатда айтилишича, Греция авиаташувчилари ва самолёт капитанлари агар кутилмаган вазиятларда хавфсиз ишлашни таъминлаш учун ушбу ҳаво бўшлиғидан фойдаланиш зарур деб ҳисобланмаса, Беларус минтақасига учмаслиги керак.

Департамент, шунингдек, Беларус авиаташувчилари томонидан бошқариладиган самолётлар "Юнонистон Республикаси ҳудудига қўниши, ундан кўтарилиши ёки устидан учиши тақиқланган"лигини таъкидлаган. Фавқулодда, гуманитар ва тиббий самолётлар бундан истисно.

***
Литва ҳарбийлари Беларус билан чегарани доимий ҳимоя қилишни тўхтатди. Зарурат юзасидан давлат чегара хизматини қўллаб-қувватлаш учун тезкор гуруҳлар тузилди. Бундай қарор тўсиқ қурилиши ва хавфсизлик тизимлари ўрнатиш бўйича ишларнинг якуний босқичи муносабати билан қабул қилинди. Лойиҳа йил охиригача тўлиқ амалга оширилиши керак.

Чегара хизмати чегарани кесиб ўтишга уринишлар тўхтамаётганини даъво қилмоқда. Куни кеча Литва томони беларуслик чегарачилар ноқонуний муҳожирларга Литвага киришда ёрдам бераётгани ҳақида видео тарқатди.

Литва Миллий гвардияси ўтган ёзда миграция инқирози бошланганидан бери Беларус билан чегарани қўриқлашда чегарачиларга ёрдам бермоқда. Август ойидан бери 19 мингдан ортиқ муҳожир Литвага киритилмаган. Ҳукумат муҳожирлар оқимини Беларус режимининг "гибрид ҳужуми" деб атамоқда.