Беларусда намойишчиларга қарши ҳарбий қурол ишлатиш шартлари маълум қилинди

Беларусь ички ишлар вазирлиги норозилик намойишларида ҳарбий қуролдан фойдаланишга тайёр. Вазирлик раҳбари Юрий Караев қуролдан фойдаланиш шартларини “Sputnik Беларусь” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

“Диверсия (бирон бир мамлакатнинг ҳарбий ва давлат аҳамиятга эга бўлган объектларини бузиш, портлатиш, вайрон қилиш мақсадида чет эл жосуслари ёки душман ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган қўпорувчилик ҳаракати), террористик ҳужумлар, хавфсизлик кучларига ҳужумлар кабилар жисмоний куч ишлатишдан тортиб ҳарбий қуроллардан фойдаланишгача бўлган барча воситалар билан тўхтатилиши керак”, деди ИИВ раҳбари ва сўнгги вақтларда мамлакатдаги норозилик намойишлари радикаллашганини алоҳида таъкидлади. “Махлуқ бўлмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бироқ “юмшоқ” ҳам бўлмаймиз”, қўшимча қилди у.

Шунингдек, Караев намойишларда турли гуруҳлар экстремизм билан шуғулланаётганини таъкидлади. Улар орасида спортчилар, футбол фанатлари, компьютер ўйинлари ишқибозлари бор.

“Кўлам жуда кенг, оқибатлар тўғрисида хабардор бўлганлар ҳам бор. Бироқ бу билан жисмоний ва ҳуқуқий жиҳатдан нима бўлишини, кейинги ҳаёти вайрон бўлиши ёки тўхташи мумкинлиги ҳақида тасаввурга эга эмаслар ҳам мавжуд”, деди Караев.