Беш йил ўқишга киролмаган Лазиз духтирнинг қувончи
Ургутнинг Қўрғонча қишлоғида истиқомат қилувчи шифокор Лазиз Хўжматовлар хонадонидаги севинчга бутун қишлоқ аҳли шерик бўлди. Шу йил лицейни битирган ўғли Шоҳбоз Самарқанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшириб, тест синовларидан муваффақиятли ўтди ва талаба бўлди.
– Ўғлим етказган хушхабарни эшитиб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди, – дейди Лазиз Хўжматов. – Очиғи, ишонишимни ҳам, ишонмаслигимни ҳам билмай қолдим. Чунки ўзим бу йўлдан ўтганим, бир азобда ўқишга кирганим ёдимга тушганди. Ёшлигимдан тиббиёт ходими бўлишни орзу қилгандим. Бунга шифокор Обид акам сабабчи бўлганди. Шу боис Самарқанд давлат тиббиёт институтига илк бор ҳужжат топширдим. Пухта тайёргарлик кўрган бўлсам-да, синовдан ўтолмадим. Яна ҳам яхшироқ ўқишим керак дедим-да, иккинчи йил яна шу даргоҳга келдим. Яна "йиқилдим". Кейин учинчи марта ҳужжат топширдим. Бешинчи йили мени эшик "оғалари"ю, ҳужжат олаётганлар, айрим казо-казо домлалар ҳам таниб қолишганди. "Янами?" дерди айримлари кулиб. Ниҳоят бешинчи уринишда талабалик насиб этди. Ҳозир қишлоқ врачлик пунктида ишлаяпман. Худога шукр, бу йил ҳақиқий билимга таянган абитурентлар талаба бўлди.
– Бир йил ўқишга киролмай, ҳарбий хизматда бўлиб қайтдим, – дейди шу қишлоқдан Элмурод Тугалов. – Бу йил Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ҳужжат топшириб, талаба бўлдим. Тест синовлари олдинги йилларга нисбатан ҳаққоний ва адолатли бўлди.
Қишлоқда яна бир кишининг олий ўқув юртига кирганлигини айтишди.
Бундай ширин туйғулар бугунги ўнлаб, юзлаб, минглаб хонадонларда зоҳир бўлмоқда.
– Ҳали бунақаси бўлмаган эди, – дейди қурувчи Адҳам Тоғошаров. – Ён-атрофимиздаги қишлоқлардан ўн-ўн беш йиллаб бирорта ёш олий ўқув юртига кирганини эшитмаганман. Бунинг учун мактабни айблар эдик. Шу боис орада узоқ йиллар турли соҳалар бўйича малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилди. Масалан, қурилиш ташкилотларига деярли яхши мутахассислар келмади ҳисоб. Бунга билимга, ўқишга иштиёқи бор бўлган ёшларнинг четда қолиб кетаётганлиги сабаб бўлди, деб биламан. Бу йилги қабул кўп нарсаларни ойдинлаштирди. Ҳақиқат қарор топди.
Бу гапларда қанчалик асос ва ҳақиқат ётганини бундан ўн-йигирма йиллар олдин фарзанди камолини ўйлаб, институтма-институт, домлама-домла югуриб юрганлар яхши билишади. Ўқишга кириш тизимини жиловлаб, тизгинини қўлига олган ўқув юртларининг айрим раҳбарлари қинғир ишлари билан қанчадан-қанча одамларни қон қақшатгани, билими саёз болаларга "раҳнамолик" қилиб (албатта, текинга эмас) кадрлар сиёсатига путур етказганини ҳамма яхши билади. Афсуски, худди шундай амалиётдан воз кечолмаётган салбий ҳолатлар бу йилги тест синовларида ҳам бўй кўрсатгани ажабланарли бўлмоқда. Айрим олийгоҳларнинг туппа-тузук раҳбарлари, институтга мутлақо алоқаси йўқ кимсаларнинг пайтавасига қурт тушиб, тест синовлари ўтаётган паллада у ёқдан бу ёққа изғиб қолишлари саробга айланди.
Бор бўлсин, адолат!
Адҳам ҲАЙИТОВ.