Бир ҳафтадан кейин ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланади

“Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан жорий йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Унга кўра, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилгига нисбатан 1,5 бараварга оширилди ҳамда дастур доирасида 30 минг нафар талабгорга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш белгиланмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар беришича, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00 дан бошлаб жўнатиш мумкин.
Аризаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал (my.gov.uz) орқали топшириш, бунда ариза берувчининг хоҳиши билан унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадлари киритилиши мумкин.
Шунингдек, аризачи ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромади қуйидагича бўлиши керак: Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача (ҳозирда 3,11 млн. – 9,24 млн. сўм). Тошкент шаҳрида – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7-9,2 баравари (ҳозирда 3,11 млн. сўм – 10,62 млн. сўм).