Бир кунда тўрт ва уч чақалоқли эгизаклар дунёга келди

Ҳаёт — бебаҳо неъмат. Унда гоҳида шундай мўъжизалар рўй берадики, беихтиёр кўнгиллар ҳайрат ва қувончга тўлади. Куни кеча ана шундай мўъжизалардан бири рўй берди.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида, бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комибинатида инженер.

- Қувончимни, ҳаяжонимни ҳеч қандай сўз билан изоҳлай олмайман, — дейди Шоира Жўраева. - Даставвал 4 нафар эгизак кутаётганимни эшитганимда хурсанд бўлдим, ҳам қўрқдим. Шифокорлардан миннатдорман. Мен билан елкама-елка туриб, яқин жигарларидек ғамхўрлик кўрсатишди. Фарзандларим эсон-омон туғилишида ёрдам беришди.

Аёлга оналик бахтини ҳадя этиш ҳам машаққатли, ҳам шарафли. Бу йўлда Республика Перинатал марказида барча шароит яратилган бўлиб, ходимлар фидокорлик ва жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.

Дарвоқе, ўша куни яна бир мўъжиза кетма-кет юз берди. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Жавдат ва Умида Мамадиевлар оиласи 7 йилдан буён фарзанд кутаётган эди. Сабрнинг меваси сифатида бир эмас, 3 нафар фарзанд, яъни бир ўғил ва икки қизалоқ ота-она бағрини тўлдирди. Умида Мамадиева ҳам Республика Перинатал марказида режали равишда туғруққа тайёрланди. Тўлиқ таркибдаги гуруҳ иш олиб борди. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши. Она болалар парвариши билан машғул.

Айни пайтда чақалоқлар ҳам, оналар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати остида бўлиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.