«Бир миллион сўм маош билан рўзғор тебратолмайман»: Мардикор бозорида меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Халқ тилида «Тойлоқ бетонкаси», расман эса Самарқанд тумани Шўрбойи маҳалласида жойлашган аёллар мардикор бозорида илк бор бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилганди. Тадбирни газетамизда ёритиш мақсадида ўша ҳудудга борганимда бир гуруҳ хотин-қизлар «мардикорларга эътибор қаратилишини биринчи бор кўришим!» дея баланд овозда гапириб келаётган экан.

- Эртага тикувчиликни ўрганишга борамиз, - деди уларнинг яна бири.

- Мен бормайман, маоши тўғри келмади, - яна бир аёл шундай дея сумкасини елкасига илиб, йўлдан ўтишга шайланди. Уларни тўхтатиб, суҳбатга тортдим. Ўтказилган меҳнат ярмаркаси, ундаги иш ўринлари ҳақида фикрларини сўрадим.

- Шу ернинг ўзида меҳнат ярмакаси ўтказилди, вилоят ҳокими ўринбосари Гавҳар Алимова муаммоларимизни тинглади, - дейди Тойлоқ тумани Галаботир маҳалласидан келган Қаноат Эрманова. - Самарқанд шаҳридаги «8 март» фабрикасида иш бор экан. Эртага ушбу корхонада ишлаш истагини билдирганлар йиғилиб, у ердаги иш билан танишишга борарканмиз.

Айтиш керакки, ҳар куни эрта тонгдан бошлаб 300-400 га яқин хотин-қизлар ёлланма меҳнат учун олиб кетилади. Аксарият аёллар баҳор ойларидан бошлаб далада, деҳқончилик ишларига жалб этилади. Бу хотин-қизларнинг аксарияти Тойлоқ, Ургут, Самарқанд, Нуробод тумани, қўшни Қашқадарё вилоятидан. Мардикор бозорини тартибга солиш мақсадида шу ҳудуднинг ўзида бундан бир неча йиллар аввал аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги «вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси» ташкил этилган. Унинг атрофида ёлланма меҳнат учун чиққан хотин-қизлар учун соябонли ўриндиқлар, махсус жойлар ташкил этилган. Аммо…

- Аммо хотин-қизларга тушунтиришимизга қарамай, улар ушбу қулай жойда ўтириб иш берувчини кутмайди, - дейди ушбу бюро раҳбари Мансур Гадоев. – Катта трасса ёқасида туришни маъқул кўришади. Фаолиятимиз давомида уларга доимий равишда бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилади. Шу йилнинг ўзида ўн нафар хотин-қиз турли ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Бир кун давомида боғда меҳнат қилиб, пулини ололмаган тўрт нафар аёлнинг иш ҳақи ундириб берилди.  

- Шу пайтгача ҳеч ким ҳолинг нима деб сўрамаганди, - дейди Тойлоқ туманидан Қаноат Эрманова. – Иш ўрни таклиф қилингани, аҳволимиз билан қизиқишгани яхши, албатта. Аммо таклиф этилаётган иш маоши рўзғор боқиш учун етарли эмас-да. Ушбу бозорга бекорчиликдан чиқмаймиз. Бу ерга асосан рўзғор юкини ўз зиммасига олганлар келади. Мениям турмуш ўртоғим анча йиллар олдин вафот этган, икки нафар фарзандим бор. Ўзим бир неча марта операция столидан чиққанман. Аммо мардикор бозорга чиқиб, оғир меҳнат қилишга мажбурман. Ўқимаган бўлсам-да, рус, қисман француз тилини биламан, бўш вақтим бўлди дегунча китоб ўқийман. Лекин вақтида ишлашимга уйдагилар рухсат беришмаганди. Ҳаёт синови шундай эканки, вақти келгач, аёл бошим билан рўзғорни ўзим тебратишимга тўғри келди. Ҳозир бизга бир миллион сўм миқдоридаги маошли ишлар таклиф қилишаяпти. Лекин бу ойлик билан рўзғоримни қандай юритаман? Шунинг учун таклиф қилинаётган ишларнинг бирортаси тўғри келмади. Оғир меҳнат бўлса-да, ҳар куни ўртача 70-100 минг сўм бериладиган меҳнатни қилсам, қозонимни қайнатишим, яна болаларимнинг устини бутлашим мумкин.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида яқин туманлардан 65 та корхона, ташкилот ва муассасалар жалб этилиб, мавжуд бўлган 400 дан ортиқ бўш (вакант) ҳамда квота иш ўринлари билан иштирок этди.

Ўзларига мақбул келадиган иш қидириб, келгусида ўз касблари ва мутахассисликлари бўйича маълум бир иш ўрнига эга бўлиш мақсадида меҳнат ярмаркасида иштирок этган ишсиз фуқаролардан 52 нафарига ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. Уларнинг 37 нафарини
хотин-қизлар, 12 нафарини ёшлар ташкил этиб, ишга жойлаштирилганлардан
5 нафари касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар ташкил этади.

Бундан ташқари, “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”да иштирок этган ва ўзларига мақбул келадиган иш топа олмаган 117 нафар фуқароларга меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилиб, ҳар ойда янгиланиб бориладиган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан таништириб борилиши тушунтирилди.

Гулруҳ Мўминова,

Zarnews.uz мухбири.