Бир қатор нашриётлар хусусийлаштирилади, айримлари тугатилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартда қабул қилинган “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи матбаа уйи” давлат корхоналарини ўрнатилган тартибда хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиладиган бўлди.

“Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонаси эса самарали фойдаланиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтади.

“Ўқитувчи илмий-методик нашриёт маркази” давлат корхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бўлинмалари тизимидаги (Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари) нашриётлар фаолияти тугатилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимида “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти” давлат корхоналарини қўшиб олинган ҳолда “Ўзбекистон нашриёти” давлат корхонаси ташкил этилади.

“Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи” давлат корхонасининг ноширлик базаси, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқлари мазкур давлат корхонасига ўтказилади.