Бир йилда 10 мингта мурожаат

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар нега кўп?

Очиғи, биз аввалига Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши ва қуйи касаба уюшмалари томонидан ҳар ойда ўртача 900 тадан зиёд мурожаат ўрганилганига ишонқарамадик. Аммо бу гап рост бўлиб чиқди.

– Тизим касаба уюшмаларида қайд этилган 10837 мурожаатнинг 10235 таси қаноатлантирилди, – дейди вилоят кенгаши мутахассиси Шаҳло Ҳусанова. – 542 та шикоят муаллифларига тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 60 та мурожаат эса тааллуқлилик даражасига кўра, рад этилди.

Мурожаатлар таҳлилига назар ташлаб, соҳада ишга боғлиқ хатоликлар ростдан ҳам кўплигини пайқадик. Касаба уюшмалари эса бу муаммоларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг аралашуви билан лавозимидан ноҳақ бўшатилган, ҳомиладорлик таътилидан кейин ўз иш ўрнига қайта олинмаган 700 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди. Меҳнат қонунлари бузилишига доир 36 ҳолатда судга даъво аризалари киритилди. 32 нафар ходимнинг манфаатлари фуқаролик ишлари ­бўйича судлар ёрдамида тикланди.

Меҳнат ҳуқуқларига путур етган, мажбуран ишсиз қолдирилган 121 нафар ходимга 126 миллион сўм миқдоридаги меҳнат ҳақлари ундириб берилди.

Самарқанд шаҳар марказий поликлиникаси ҳамшираси Сурайё Шакарова ҳам ноҳақликка учраганлардан бири. Чорак асрлик меҳнат стажига эга бу аёлдан раҳбарият поликлиника ёпилди, деган баҳонада ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олади. Кейинчалик уни 8-оилавий поликлиникага ярим ставка ишга қабул қилади. Ноҳақликка чидолмаган ҳамшира тармоқ касаба уюшмасига нажот истаб келди. Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси билан олиб борилган музокаралар натижасида унинг муаммоси ижобий ечим топди.

– Ўтган йилнинг сўнгги саккиз ойи мобайнида бевосита меҳнат инспекциясига турли йўналишларга доир 46 та мурожаат келиб тушди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори Абдунаби Турсунов. – Барча мурожаатлар тегишли равишда қаноатлантирилди. 6 ҳолатда ходимларнинг жами 8 миллион 324 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди. Паст Дарғом тумани тиббиёт бўлими ходими З.Тўраеванинг манфаатларини уч марта судда ҳимоя қилдик. Пировардида адолат қарор топди.

Нурилла Шамсиев.