Бирламчи тиббиётга мурожаат қилиш учун Нурободнинг айрим маҳалла аҳолиси 35 километргача йўл босишига тўғри келарди. Бунга барҳам берилдими?
Кўпчилик билса керак, Нуробод туманининг майдони Андижон вилояти майдони билан деярли тенг. Тўғри, аҳолиси 20 баравар кам, аммо майдони бир хил. Демак, туманда аҳоли жойлашуви нечоғлик тарқоқ эканини тасаввур қилиш қийинмас.
Йўқ, мақола Нуробод тумани аҳолисининг жойлашуви ёки майдони ҳақида эмас, балки тиббиёти билан боғлиқ. Аҳоли тарқоқ ҳудудлар тиббиётдан фойдаланиши қандай бўлган эди-ю, ҳозир бу борада нима ўзгарди, умуман, туман тиббиётида кейинги ойларда рўй бераётган ўзгаришларга тўхталиб ўтамиз.
Туманнинг Тепақул маҳалласида яқиндагина битта контейнер ўрнатилиб, уч хонадан иборат маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Аҳолининг бу ҳақдаги фикри билан қизиқдим.
Контейнерлар бепул
- Илгари неварамизнинг ҳарорати кўтарилса ҳам, қон босимимиз ошсаям, дарров Сазағондаги поликлиникага ё шаҳарга қараб югурардик-да, - дейди шу қишлоқда яшовчи 62 ёшли Пардагул Рўзибоева. – Поликлиникага бориш 20 чақиримча йўл, шаҳар унданам узоқ. Йўлга вақт кетар, йўлкира сарфлашга тўғри келарди. Баъзи хонадонларда тез-тез қон босими ошадиган қариялар, бир неча ёш болалар бор. Уларга жуда қийин бўларди. Ҳозир, мана, бир қадам бўлиб қолди. Ҳув, деб чақирсак, эшитгулик масофада врач, ҳамшира бор.
- Апрелнинг сўнгги иккинчи ўн кунлигида иш бошлаган бўлсак, шу пайтга қадар 200 га яқин мурожаат бўлди, - дейди Тепақул маҳалласидаги тиббиёт пункти раҳбари Яхшибой Суюнов. – 2 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатамиз, уларнинг 187 нафари диспансер назоратида туради.
Контейнер-тиббиёт пунктини кузатаман: кичкина хона, аммо беморни кўриш учун шароит бор. Сув тармоғи энди тортилади, дейишди. Тонометр ва офтальмоскоп асбобларигина бор ҳозирча. Шунингдек, пунктнинг кейинги хоналарида тез тиббий ёрдам шохобчаси жойлашган. Яъни, тез тиббий ёрдам чақириғи 2 мингга яқин аҳоли учун бир неча ўн дақиқаларга қисқарди.
Дарвоқе, мазкур контейнерларнинг ҳар бирини жойлаштириш, устини ёпиш учун учун ўртача 40 миллион сўмдан маблағ сарфланган. Контейнерлар бепул келтирилган.
Поликлиникага бориш учун 35 чақирим юришга тўғри келган
- Мамлакатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан мулоқотидан сўнг тиббиётнинг аҳолига яқинлашуви жуда тезлашди, - дейди Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдулла Абиев. – Тўғри, соҳада жуда кўп ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётганди. Мисол учун, аҳоли тарқоқ ҳудудларда тиббий пунктларни ташкил этиш ҳам дастурларда белгиланганди. Аммо йиғилишдан сўнг бу вазифаларнинг амалиётга жорий этилиши тезлашди. Яхши биласиз, Нурободнинг аҳолиси биласиз, тарқоқ жойлашган. Бирламчи тиббиётга мурожаат қилиш учунгина 35 километргача йўл босишига тўғри келадиган маҳаллалар бор эди. Қишнинг совуғи, ёзнинг саратонида ёш болалилар битта эмлаш учун шунча йўл босиб, йўлкира сарфлашга мажбур эди. Ҳозир шу масала ҳал бўлди. Тумандаги 12 ҳудудда тиббиёт пункти ташкил этилди. Масофа бир неча баробарга қисқарди. Ҳомийлар маблағлари ҳисобидан Сазағон ҳудудий бўлимига янги бино қурилмоқда.
Президентимиз томонидан олис ва чекка ҳудудларга врачларни жалб қилиш, уларни моддий рағбатлантириш бўйича чиқарилган қарор ижросини таъминлаш ва айнан чекка ҳудудлардаги вакант ўринларни тўлдириш мақсадида қўшни вилоят ва туманлардан 6 нафар врач келиб, иш бошлади. Хусусан, Сепки оилавий поликлиникасига икки нафар, Ибн Сино оилавий поликлиникасига бир нафар оилавий шифокорни ишга қабул қилдик.
Марказий шифохонада ихтисослаштирилган тиббий хизматни яхшилаш мақсадида 5 нафар тор соҳа мутахассиси (хирург, кардиолог, акушер-гинеколог ва ЛОР) олиб келинди. Тумандаги гемодиализ оладиган беморларни дори-дармон билан таъминлаш учун 21,8 миллион сўм маблағ ажратилди.
Кардиология ташкил этилади
Бошқа ҳудудларда бўлгани сингари Нурободда ҳам аҳоли вилоят ихтисослашган тиббий марказлари ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, беморларга шу ернинг ўзида хизмат кўрсатилмоқда жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўзида 6 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарода туғма юрак операцияси бепул амалга оширилди.
Касалликларни эрта аниқлаш ва олдини мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари ошқозон-ичак тизимида касаллиги бўлган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бепул дори-дармон тарқатди.
Вилоят даволаш муассасаларининг малакали мутахассислари туманимизнинг олис ҳудудлари - Ағрон, Навбаҳор, Тим, Саҳоба, Нурдум ва Тутли қишлоқлари ахолисини тиббий кўрикдан ўтказди.
Марказий шифохонани таъмирлаш ва тиббий аппаратлар олиш учун “Ташаббусли бюджет”дан 1 миллиард сўм маблағ овоз бериш йўли билан ютиб олинди. Ушбу маблағга шифохонанинг кириш жойи, қабул бўлими, операцион блокни таъмирлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, туманда марказий шифохона терапия бўлимидаги мавжуд ўринлардан фойдаланиб, неврология ва кардиология бўлимларини ташкил қилиш режалаштирилган.
Вилоятимизнинг олис, аҳолиси тарқоқ бир тумани тиббиётидаги бу каби янгилик ва ўзгаришлар албатта, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, тиббиётнинг ривожланаётгани ва халққа яқинлашаётгани самарасидир.
Гулруҳ Мўминова.