Бишкекда Президент истеъфосини талаб қилган одамлар намойишга чиқди

Бишкек марказидаги ҳукумат уйи ёнида 100 га яқин одам тўпланиб, амалдаги Президент истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда 14 октябрь куни РИА Новости мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳукумат уйининг асосий кириш қисмидаги зинапояларга овоз кучайтиргич ускуналар ўрнатилган ва фаоллар нутқ сўзлаган. Йиғилганлар Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ва унинг спикери истеъфоси ва Бош вазир лавозимига Садир Жапаров тайинланишини талаб қилган.

Бироздан сўнг, Қирғизистон парламенти томонидан Бош вазир Садир Жапаров бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамаси тузилиши ва дастури маъқуллангани ҳақида маълум қилинди. Эндиликда Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига тайинланганлиги ҳақидаги буйруққа мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков имзо қўйиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига тайинланганлиги тўғрисидаги буйруққа  имзо қўйишдан бош тортган эди.