Болалар қайси спорт тури билан шуғуллангани маъқул? Катталар-чи?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига боғлиқ. Ортиқча вазн ёки бирор ёндош касалликлари бор, соғлиғига етарлича эътибор бермайдиган кишиларда ҳар қандай касаллик оғир кечади.

Аксинча, иммунитети кучли, соғлом турмуш тарзига амал қиладиган, спорт билан мунтазам шуғулланувчи инсонлар ёшидан қатъий назар, хасталикни тез ва осон енгиб ўтади.

Албатта, одамлар бу тавсияларга онгли равишда амал қилишга одатланса, соғлом турмуш тарзини ҳаётининг бир бўлаги сифатида қараса ҳамда фарзандларини ҳам шунга ўргатса, самарали натижага эришиш мумкин.

Хўш, бу борада мутахассислар қандай тавсия беради?

Болалар учун спорт тури ёшга кўра танланади

– Соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг тўрт асоси бўлиб, булар тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, руҳий саломатлик, зарарли одатлардан воз кечишдир, - дейди вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази врачи Мафтуна Ибрагимова. – Фарзандларимизни болалигидан бунга ўргатиш жуда муҳим. Аввало, 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш, шифокор назоратида бўлиши ҳамда ҳаракатланиш кўникмаларини ривожлантириш учун керакли ўйинчоқлар билан таъминлаш лозим. Шу билан бирга, болаларни маълум бир ёш учун мўлжалланган спорт турлари билан ҳам шуғуллантириш керак. Бу боланинг соғлом ривожланиши учун жуда зарур.

Болани ўзининг ёшига мос спорт турига бериш мақсадга мувофиқ. Хусусан, 2-3 ёшда болаларнинг жисмоний юкламага сувда бардош бериши осон. Бунда сув ва хона ҳароратини ҳисобга олиб, боланинг танасини сувда чиниқтириш керак. Аммо бундай ёшда организмни қийнаб юбориш тавсия этилмайди. Бу ёшда болаларга турли ҳаракат ва ўйинлар тўғри келади. Масалан, велосипед ҳайдаш, тўп билан ўйналадиган ўйинлар, эстафета, бекинмачоқ, фаол ўйинлар пайтида югуриш ва бошқалар.

4-5 ёшда спорт рақслари, гимнастика билан шуғулланган маъқул. Спорт рақслари бола танасини қайишқоқ қилади ва бошқа спорт турларини бошлаш учун яхши асос бўлади. 5-6 ёшдан каратэ билан шуғулланиш тавсия этилади. Ушбу машғулотларда болалар диққатни жамлаш, ўз энергиясини зарур оқимга йўналтиришга ўрганади. 7 ёшдан боланинг жисмоний ҳолати ва қизиқишларини ҳисобга олиб, хоккей, бадминтон, стол тенниси, футбол ва бошқа спорт турларига бериш мумкин.

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш учун раҳбарлар ҳам ташаббус кўрсатиши керак

- Ёшим 58 да, 40 йилдан буён спорт билан шуғулланаман, - дейди вилоят гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби катта мураббийси,  II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси Елена Асланова. – Ҳар бир инсон ўзининг жисмоний фаоллигини оширишдан олдин мақсади нималигини англаб етиши керак. Мисол учун, бировлар шунчаки жисмонан яхши ҳолатда юришни, кимдир спортчи бўлишни, яна айримлар озишни, кимдир касалликларга йўлиқмасликни хоҳлайди. Албатта, буларнинг барчасига эришиш учун жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш керак. Бироқ спортчи билан ҳаваскор бажараётган ҳаракатларда фарқ бор.

Ҳозирги кунда одамларда асосан ҳаракатсизлик ва жисмоний фаоллик камайиб кетган. Бунинг ортидан турли касалликлар ҳам келиб чиқяпти. Айниқса, корхона ва ташкилотларда ишлайдиган фуқароларда бундай ҳолатни кўп учратиш мумкин. Аксарият ташкилотларда шароит яратилган, аммо спорт билан шуғулланиш мунтазам йўлга қўйилмаган. Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир ташкилот раҳбари ходимларининг спорт билан шуғулланишга доимий эътибор бериб, соғлом турмуш тарзига амал қилишни назорат қилса, ходимларнинг жисмоний фаоллиги ошади.

Енгил атлетика барча учун қулай спорт тури

- Ортиқча вазн юрак, жигар, буйрак, бўғимларга салбий таъсир қилиши оқибатида қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертония каби касалликларни келтириб чиқаради, - дейди Самарқанд Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази енгил атлетика бўйича мураббийи Музаффар Каримов. - Буларнинг барчаси нотўғри овқатланиш, меъёридан кўп ёғли таом ва ширинликлар тановул қилиш, ҳаракатсизлик, жисмоний тарбия билан шуғулланмаслик ҳамда вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслик натижасида юзага келади. Зарарли одатларнинг олдини олишнинг қулай усули енгил атлетика билан шуғулланишдир.

Енгил атлетикада 50 дан зиёд машқ бор. Масалан, японияликлар энг кўп шуғулланадиган спорт тури — пиёда юриш. Шунинг учун японлар узоқ умр кўради. Мунтазам пиёда юриш — қон босимини меъёрлаштиради, кайфиятни ва организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Бундан ташқари, қон босими ва холестерин миқдорини меъёрлаштиради. Пиёда юриш учун энг маъқул вақт эрталаб бўлиб, бу вақтда ҳаво мусаффо бўлади. Кечки пайтда пиёда юриш эса енгил ухлашига ва организм саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Эрталаб югуриш инсон танаси учун фойдалидир. У иммунитет тизимини яхшилайди, энергия беради, нафас олиш тизимини ва чидамлилигини яхшилайди. Шифокорларнинг фикрига кўра, югуриш танага фойдали таъсир кўрсатади, нафас олиш ва юрак-қон томир тизими фаолиятига ижобий таъсир қилади. Югуриш туфайли ўпка тозаланади. Шунингдек, эрталаб ва кечки бадантарбия машқларини бажариш асаб тизимини тинчлантириб, стрессни қолдиради, иштаҳани яхшилайди, овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

Фазлиддин Рўзибоев.