Бўстонсарой кўчасидаги дарахтлар тақдири савол остида(ми?)
Самарқанд шаҳридаги айрим марказий кўчаларининг кенгайтирилиши сабаб йўл четидаги дарахтларнинг кейинги тақдири савол остида қолаётган эди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси айни масалани мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш мақсадида шаҳар бўйлаб пресс-тур ташкил қилди.
- Бўстонсарой, Ойдин йўл, Рудакий кўчаларида жами 40 туп дарахт қурувчиларга йўл қурилиш ва унинг талабларига халал бераётганини билдирган ва мутахассислар хулосасини сўраб мурожаат қилган, - дейди Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Дилмурод Рўзибоев. - Бўстонсарой кўчасидаги арчалар аэропортга кўчирилди, қолган дарахтларни кўчириш учун Воҳид Абдулла кўчасида жой ҳозирланган. Махсус техникалар ёрдамида 10-15 йиллик дарахтларни кўчира оламиз, аммо ўн беш ёшдан катта дарахтларни олиш ва бошқа жойда сақлаб қолишнинг иложи йўқ.
Пресс-тур иштирокчилари ўрганишлар давомида ушбу дарахтлар пиёдалар йўлагига тўғри келаётган жойларда сақлаб қолиш имконини ўрганди.
- Бу ердаги айрим чинор ва тут дарахтларининг ёши 100 да ёки ундан ҳам катта, - дейди Ўзбекистон экологик партияси вилоят бўлими раҳбари Хайрулла Атамуродов. – Ҳозир пресс-тур иштирокчилари ва мутахассисларнинг фикрини инобатга олиб, мушкул бўлса-да айрим чинор дарахтларини сақлаб қолиш лозимлигини йўлсозларга тушунтирдик.
Пресс-тур сўнггида кесилиш хавфида бўлган 40 туп дарахтнинг 11 таси сақлаб қолиниши, 29 туп дарахт кўчириш имкони мавжуд эмаслиги сабаб кесилиши айтилди. Яна 23 туп 15 ёшгача бўлган дарахтлар махсус белгиланган жойларга кўчириб ўтқазиладиган бўлди. Хусусан, Рудакий кўчасида 3 туп элдор қарағайи, Ойдин йўл кўчасидаги 2 туп чинор дарахтини кесишга рухсат берилмади. 6 туп элдор қарағайи эса бошқа ҳудудга кўчирилиши белгиланди. Дарахтларни кўчириш ишлари республика Автойўл қўмитаси қошидаги “Йўл кўкалам” унитар корхонаси вилоят бўлимига топширилган.
Бир туп дарахтнинг вояга етиши замирида ўнлаб инсонларнинг меҳнати бор. Уларни шунчаки халал бераётган баҳонасида олиб ташлаш амалга оширилаётган ободончилик ишларига ҳам соя солади.
Сулаймон Мардиев.