Бройлер жўжа қирқ кунда тайёр бўлади
Давлат тадбиркорга истаганча имконият бермоқда. Аммо ҳали ҳам айрим ишёқмаслар бирор иш ёки ҳунар ўрганишни бошламасдан, бири икки бўлмай, баҳонанинг этагини қўйиб юбормайдиганлар учраяпти. Маҳалламиздаги ҳолатни кўриб, гарчи ёш бўлсамда, ишлаган, ҳаракат қилган одам даромад қиларкан, деган хулосага келдим.
Масалан, Эргаш ака Баракаев 2017 йилда ўз ҳовлисида 200 та жўжа боқди. Бройлер жўжа 40 кунда тайёр бўлди, бироқ у нима қиларини билмади: харидор йўқ, чунки ҳеч ким билан келишмаган. Охири қариндошлар гўштни бўлиб олишди.
Эргаш ака мутахассис ёрдамида ишни оқилона ташкил қилди. Мана, ҳозир у киши 500 тагача жўжа парваришлайди, нафақат Пахтачи, ҳатто қўшни Навоий шаҳрида ҳам харидори топилди. Бундан ташқари уйида жўжа гўшти пиширадиган ошхона очиб олди.
Натижада учта хўжаликнинг турмуши обод, иши авж, ҳозир тўйларга жўжа гўштини шу кишидан олишади, чунки сифати яхши, нархи арзон.
Кўп ўтмай маҳалламиздаги Қувонч Нуруллаев ва Азим Бобоноров ҳам ҳовлисида худди шундай парранда парваришлай бошлади. Ўтган йилнинг ёзида улар сафига Азим ака, Фазлиддин ака ва Алишер акалар оиласи ҳам қўшилди.
Кўп ўтмай қишлоқда яшовчи ветеринар врачлар Бобошер Кенжаев ва Рўзимурод Қурбоновларга ҳам иш топилди. Улар паррандаларни ўз вақтида эмлаб туришибди. Дарвоқе, парранда нуриси ўрага кўмилса, пайти келиб энг самарали ўғитга айланади. Қишлоқ аҳли бундан ҳам фойдаланяпти.
- Тахминан ўн фоизча оилани ҳисобга олмасак, бизда ҳамма чорвачилик билан шуғулланади, - дейди Пахтачидаги Фай маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёда Қувондиқова. – Бешта хонадонда 100 бошдан қўй боқиляпти. Қолганларида ҳам камида ўнтадан қўй-қўзи, эчки бор. Ўнга яқин хонадон эгалари новвос боқишни ўрганишган. Рўзғорини уддалаганлар эса доимо ўз ҳаётидан рози бўлиб яшайди.
Жамолбек Саломов.