Бугун Пекин-2022 Олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилади
Саноқли дақиқалардан кейин Хитой пойтахтида дунё аҳли 4 йил кутган навбатдаги қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
"Қуш уяси" номини олган машҳур Миллий стадионда ўтказиладиган тантана бутун дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда. Маросим Тошкент вақти билан 17:00 да бошланади.
Бу йилги Олимпиадада 91 давлатдан 4000 дан ортиқ спортчи 7 спорт тури бўйича 109 медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради. Олимпиада дастурига биатлон, бобслей (бобслей, скелетон), кёрлинг, коньки спорти турлари (конькида учиш, фигурали учиш, шорт-трек), чанғи спорти турлари (тоғ чанғиси, чанғи икки кураши, трамплиндан сакраш, фристайл, сноуборд), чана спорти, шайбали хоккей киритилди.
Ташкилий қўмита аъзолари унга катта тайёргарлик олиб боргани, мусобақалар тарихидаги энг ёрқин маросим бўлишини ваъда қилишмоқда.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, ушбу маросимни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бевосита стадиондан кузатиб боради.
Мамлакатлар парадида спортчимиз Комилжон Тўхтаев бошчилигидаги делегациямиз кўриниш беради.